“AIEA-2026” глобал конференциясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди
Вашингтон шаҳрида Халқаро таълим маъмурлари уюшмасининг (AIEA) нуфузли йиллик конференцияси бўлиб ўтди. Таълим соҳасидаги етакчиларни бирлаштирувчи дунёнинг нуфузли платформаларидан бири ҳисобланган анжуманда “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари иштирок этди.
“Халқаро таълимдаги беқарорлик ва янги воқеликлар шароитида етакчилик” шиори остида ўтган анжуман бутун дунёдаги университетлар, халқаро офислар ва таълим ташкилотлари раҳбарларини бир ерга жамлади.
Юздан ортиқ сессия ва давра суҳбатлари доирасида иштирокчилар геосиёсий омилларнинг академик мобилликка таъсири, глобал ҳамкорлик моделларининг трансформацияси, университетларнинг стратегик халқаро мавқеини ривожлантириш каби масалаларни муҳокама қилди.
Сиёсий ва меъёрий ўзгаришлар шароитида институционал стратегияларни қайта кўриб чиқиш, халқаро таълимда мослашувчан ва тадбиркорона етакчиликни шакллантириш, шунингдек, академик мобиллик, ҳамкорлик ва таълим жараёнларини бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистондаги “Эл-юрт умиди” жамғармасининг AIEA анжуманидаги иштироки халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, етакчи экспертлар билан тажриба алмашиш ҳамда хорижий университетлар билан стратегик шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди.
Хусусан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова Халқаро таълим институти (IIE) президенти Жейсон Чиж билан ўтказган учрашув якунида икки томонлама англашинув меморандуми имзоланди.
Ҳужжатга кўра, Фулбрайт стипендия дастури доирасида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ университетлари ўртасида қўшма диплом йўналишидаги ҳамкорликни жамғарма орқали амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Нью-Йорк штати университетлари бирлашмаси (SUNY), Техас Халқаро таълим консорциуми (TIEC), PeopleCert, QS, IELTS USA ва TOEFL ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, ўзбекистонлик ёшлар учун таълим олиш ва касбий ривожланиш имкониятларини кенгайтириш каби ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Милан политехника университети, Мэриленд университети, Пенсильвания давлат университети, Иллинойс университети вакиллари билан ўтказилган музокаралар давомида техник ва кончилик соҳаларида кадрларни тайёрлаш, киберхавфсизлик, ер ресурслари, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги ва суғориш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда тиббиёт ва шаҳарсозлик йўналишларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама этилди.
Жамғарма инсон капиталини мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари доирасида Ўзбекистоннинг глобал таълим маконига интеграциялашуви ва халқаро академик алоқаларни ривожлантириш борасидаги тизимли ишларни давом эттирмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА