Италияда қишки Олимпиада якунланди

Атлетлар 16 та спорт тури бўйича 116 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борди. Мусобақа якунига кўра 29 та терма жамоа медалларга сазовор бўлди, умумжамоа ҳисобида эса Норвегия (18 та олтин) пешқадам бўлди.
Яккалик баҳсларида чанғичи Йоханнес Клэбо етакчилик қилди: у 6 та олтин медални қўлга киритди ва эндиликда қишки ўйинлар тарихидаги энг совриндор иштирокчига айланди. У учта Олимпиада давомида олий даражадаги 11 та мукофотга сазовор бўлди.
Бразилиялик тоғ чанғичиси Лукас Пиньейро Бротен гигант слалом бўйича мусобақада ғолиб чиқди ва қишки Олимпия ўйинлари тарихида биринчи жанубий америкалик совриндорга айланди.
Ўйинларда Ўзбекистон шарафини шорт-трекчи Даниил Ейбог ва тоғ чанғичиси Медет Назаров ҳимоя қилди, бироқ улар медаль қўлга кирита олмади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги