Ўзбекистонлик олимлар тарихий илмий натижа билан NASAнинг халқаро мукофотига сазовор бўлди
DART миссияси инсоният тарихида биринчи марта астероид орбитасини мақсадли равишда ўзгартиришга қаратилган сайёравий ҳимоя тажрибасидир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти олимлари – Галактика астрономияси лабароторияси мудири Отабек Бурхонов ва PhD, катта илмий ходим Камолиддин Эргашев NASA томонидан “Group Achievement Award” мукофоти билан тақдирланди. Мукофот “Double Asteroid Redirection Test” (DART) халқаро космик миссияси доирасида амалга оширилган тарихий илмий натижа учун берилди.
Миссия 2022 йил 26 сентябрь куни кичик астероид тизими – Didymos астероидининг йўлдоши Dimorphosга кинетик зарба бериш, яъни космик кема билан тўқнашиши орқали амалга оширилди.
Зарба натижасида Dimorphosнинг Didymos атрофидаги орбитал даври ўзгарди. Энг муҳим жиҳати шундаки, ушбу ўзгариш Ер ва космик телескоплар ёрдамида аниқ ўлчанди.
Бу инсоният тарихида биринчи марта сунъий равишда астероид орбитасини ўзгартириш ва унинг натижасини экспериментал тарзда тасдиқлаш бўлди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти олимлари DART миссиясининг ердан кузатувлар бўйича ишчи гуруҳи таркибида Майданак обсерваторияси телескоплари билан фаол иштирок этди.
Жамоанинг асосий вазифаси – зарбадан олдинги ва кейинги фотометрик кузатувлар асосида астероид тизимининг орбитал давридаги ўзгаришини аниқлаш ҳамда аниқлик билан ҳисоблашдан иборат эди, дейилади ЎзРФА маълумотида.
Айнан шу ўлчов натижалари DART тажрибасининг муваффақиятли амалга оширилганини илмий жиҳатдан тасдиқлади. Ушбу ютуқ учун Астрономия институти олимлари NASA томонидан “Group Achievement Award” мукофти билан тақдирланди. Бу мукофот NASA космик агентлигининг юқори эътироф белгиси ҳисобланади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА