Товарлар экспорти 19,5 фоизга ошди
Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорлик фаоллигининг асосий кўрсаткичлари бўйича комплекс мониторинг барча муҳим мезонлар кесимида ўсиш кузатилганини кўрсатмоқда.
Жорий йил январь ойи якунларига кўра, солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,2 фоизга ўсиб, барқарор ижобий динамикани намоён этди.
Тушумлар ўсишининг энг юқори кўрсаткичлари Сирдарё, Навоий, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда ўсиш суръатлари ўртача қарийб 49 фоизни ташкил этди.
Жисмоний шахслар даромад солиғи тушумлари 15,1 фоизга, мол-мулк солиғи тушумлари 19,6 фоизга ҳамда ер солиғи тушумлари 20,3 фоизга ошди.
Божхона тўловлари йиллик ҳисобда 19,8 фоизга ўсди. Энг юқори ўсиш суръатлари Навоий, Жиззах ва Наманган вилоятларида қайд этилди ва ўртача қарийб 67 фоизни ташкил қилди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам барқарор ижобий динамика кузатилиб, тушумлар ўртача 31 фоизга ошди.
Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар таҳлили якунларига кўра, товарлар экспорти 19,5 фоизга ошди. Экспорт ҳажмининг энг юқори ўсиши Тошкент ва Навоий вилоятларида қайд этилди ва ўртача 47 фоизни ташкил қилди.
Шу билан бирга, кредитлаш ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Кўриб чиқилаётган даврда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2,7 фоизга кўпайди. Энг юқори ўсиш Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қайд этилиб, ўртача 58 фоизни ташкил этди.
Хусусий секторнинг фаол ривожланиши янги хўжалик юритувчи субъектлар сонининг сезиларли ортгани билан ҳам тасдиқланмоқда. 2026 йил январь ойида 7 116 та янги корхона рўйхатдан ўтказилди. Янги тадбиркорлик субъектларининг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида (1 712 та) қайд этилди. Ҳудудлар орасида эса Тошкент вилояти (735 та), Самарқанд вилояти (610 та) ва Хоразм вилояти (550 та) етакчилик қилди.
Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 1,8 баробарга ошди. Биржа фаоллиги мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ўсгани кузатилди. Айниқса Сирдарё вилоятида фаоллик 11,1 баробарга ошди. Шунингдек, Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ўсиш қайд этилиб, ўртача 6,5 баробарни ташкил этди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА