Ўзбекистон – Малайзия: иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
“Makkah Halal Forum” тадбири доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Малайзия Халқаро маркетинг ва савдо палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Меморандумни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Қурбонов ва Малайзия Халқаро маркетинг ва савдо палатаси раҳбари Зубер Бакри имзолади. Томонлар мазкур келишув орқали тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, янги шериклик муносабатларини шакллантириш ва бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

Келишувга мувофиқ, савдо делегациялари ва бизнес-миссиялар алмашинувини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, бозорлар тўғрисидаги ахборот билан ўзаро алмашиш, халқаро кўргазма ва форумларда фаол иштирок этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, техник кўмак ва таълим дастурларини йўлга қўйиш орқали тадбиркорларнинг малакасини ошириш ҳам назарда тутилган.
Ҳалол индустрияси, агросаноат мажмуаси, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва хизматлар соҳаси устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Ушбу тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро сармоя киритиш имкониятларини кенгайтириш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Иқтисодчилар фикрича, мазкур келишув янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва Ўзбекистон – Малайзия тадбиркорлари учун янги бозор имкониятларини очишга хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА