Халқ вакиллари билан учрашувда ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди

30

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари билан учрашуви ўтказилди.

Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида фақатгина Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор, фармонлар, ушбу ҳужжатлар орқали берилган имтиёзлар ҳақида кенг тарзда таъкидлаб ўтди. Учрашувда шунингдек, ўтган қисқа вақт ичида Қорақалпоғистон тарихи саҳифаларида ўзига хос ўрин олган муҳим янгиликлар, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишлар, олдиндаги вазифалар ҳақида кенг тарзда сўз юритилди.

Таъкидланганидек, ҳурматли Президентимизнинг биргина Қорақалпоғистон учун 2017 йилдан буён 78 фармон ва қарорлари қабул қилинган бўлса, ҳозирги вақтда 38 ҳужжатнинг ижроси давом этмоқда. Қабул қилинган тарихий ҳужжатлар асосида, халқимизга, шу жумладан ёшларимизга бир қатор қулай шароитлар яратилгани, тадбиркорларимизга илгари бўлмаган кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилгани, халқнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлгани, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топилгани давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган алоҳида эътибори ва меҳри ифодасидир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ўтказилган учрашувда барча эзгу ишлар, ҳаётий ислоҳотлар, муҳим ташаббуслар аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди.

Шундан сўнг, иштирокчиларнинг таклиф ва фикрлари тингланиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.



Учрашув давомида бугунги кунда юртимиз тараққиёти йўлида муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ депутатлар ва йилнинг  энг фаол Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муносиб рағбатлантирилди.

                                                                Қорақалпоғистон ахборот агентлиги