“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: киритилган ўзгаришлар, кутилаётган натижалар…
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида таъкидланган вазифага мувофиқ, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси regulation.gov.uz ва uzbekistan2030.uz веб-сайтларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
30 декабрдан 28 январгача, бир ой мобайнида халқимиздан 3 минг 564 та фикр ва таклифлар келиб тушди. Шундан 2 минг 153 таси асосли таклиф, 751 таси такрорланувчи, 340 таси маъқуллаш маъносидаги фикрлар, 320 таси танқид ва эътирозлардан иборат.
Адлия вазирлиги ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан аҳолининг фикр-мулоҳазалари ҳар куни тўпланиб, соҳалар бўйича тақсимланди. Барча таклифлар Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигида атрофлича кўриб чиқилди.
2026 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Мазкур фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси: ўтказилган жамоатчилик муҳокамалари, билдирилган таклифлар ва Стратегияга киритилган ўзгаришлар, кутилаётган натижалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Унда сўзга чиққан“Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляков мазкур ҳужжатнинг аҳамиятига тўхталди:
– Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича катта кўламда иш олиб борилди. Адлия вазирлиги ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан аҳолининг фикр-мулоҳазалари ҳар куни тўпланиб, соҳалар бўйича тақсимланди. Барча таклифлар Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигида атрофлича кўриб чиқилди.
Ўрганиш натижалари бўйича жамоатчилигимиз юборган 2 минг 153 та асосли таклиф улар тегишли бўлган вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари билан муҳокама қилинди. Мамлакатимиз учун муҳим ҳисобланган ва бажариш мумкин бўлган реал таклифлар инобатга олинди. Улар мутахассислар билан қайта ишланиб, аниқ KPIларга айлантирилди.
Энг кўп таклиф тушган соҳалар эса таълим – ўқувчи ўринлари, педагоглар маоши, таълим сифати, экология – экологик хулқ-атвор, шаҳарлардаги яшиллик, геоботаник тадқиқотлар, рақамлаштириш – хизматлар, таълим ва тиббиёт, энергетика – қайта тикланувчи энергия, газ ва электр таъминоти, транспорт – шаҳарлараро қатновлар, логистика ва омборлар, жамоат транспорти.
Тадбирда ОАВ вакилларининг қизиқтирган саволларига жавоб қайтарилмоқда.
Абдулазиз РУСТАМОВ, Отабек МИРСОАТОВ (фото), ЎзА