Ўзбекистон ва БАА: ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланади

13

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) полиция тузилмаси билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мазкур давлатда бўлди.

Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатовнинг БАА Бош вазири ўринбосари – Ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан икки томонлама учрашувида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, трансмиллий жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, рақамли технологияларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётига кенг жорий этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари  муҳокама қилинди.

Делегация БАА Ички ишлар вазирлигининг қатор тузилмалари фаолияти билан бевосита танишди. Жумладан, Инновациялар марказида хавфсизликни таъминлашда сунъий интеллект, рақамли таҳлил ва интеллектуал кузатув тизимларидан фойдаланиш амалиёти намойиш этилди.

Марказий операциялар бош бошқармасининг Марказий амалиёт ва бошқарув марказида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб қайтариш, ягона диспетчерлик ва видеомониторинг тизимларининг ишлаш жараёни билан танишилди.

Фаровонлик бошқармаси фаолияти мисолида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, психологик барқарорликни таъминлаш ва самарали корпоратив муҳит яратишга қаратилган тизимли ёндашувлар ўрганилди.

Дубай полицияси Бош қўмондони Абдулла Халифа Ал Марри билан учрашувда жиноятларнинг барвақт олдини олиш, профилактика ишларини рақамли платформалар орқали ташкил этиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва “ақлли шаҳар” концепцияси доирасида хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Дубай полициясининг авиация бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишилди. Унда жамоат тадбирлари даврида ҳаводан мониторинг олиб бориш, қидирув-қутқарув тадбирларини амалга ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш ва махсус операцияларни мувофиқлаштириш имкониятлари намойиш этилди.

Ахборот технологиялари бошқармасида киберхавфсизликни таъминлаш, маълумотлар базаларини ҳимоя қилиш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимот қилинди.

Дубай полициясининг Жиноятларни тергов қилиш департаменти, Криминалистика ва криминология бош департаменти, Жиноятларни мониторинг ва назорат қилиш бошқармаси ҳамда Туризм полицияси бошқармаси фаолияти билан танишилди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган мазкур ташриф Ўзбекистон ва БААнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА