Ўзбекистон – АҚШ муносабатларида транспорт геосиёсати

14

19 февраль – Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган кун. Дастлабки йилларда икки давлат ўртасидаги муносабат асосан сиёсий мулоқот ва хавфсизлик билан боғлиқ бўлган. Бугун эса алоқалар иқтисодий маконни қайта шакллантиришга қаратилган стратегик шериклик мазмунини олмоқда. АҚШнинг Тошкентдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник кейинги чиқишларида айнан транспорт ва боғлиқлик масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам шу ўзгаришдан далолат.

Дипломатнинг фикрича, Транскаспий савдо йўлагини ривожлантириш бўйича амалий ишлар жадаллашиб, бу йўл орқали ташилаётган юк ҳажми кенгаймоқда.

Бу фикрни АҚШ расмий позицияси ҳам тасдиқлайди. C5+1 минтақавий мулоқоти доирасида транспорт ва транзит инфратузилмасини такомиллаштириш Марказий Осиёни глобал бозорларга боғлашнинг асосий воситаси сифатида белгиланган. Яъни, гап фақат йўл қуриш эмас, балки иқтисодий маконни қайта ташкил этиш ҳақида кетяпти.

Марказий Осиё учун шунчаки денгизга чиқиш эмас, жаҳон бозорига уланиш муҳим. Бошқача айтганда, Ўзбекистон икки карра қуруқликда жойлашгани боис транспорт соҳаси ташқи сиёсатимиз марказига чиқмоқда.

АҚШ таҳлилларида Марказий Осиёни Европа ва жаҳон бозори билан боғлайдиган “Ўрта йўлак” минтақани очиқ, шаффоф таъминот занжирига интеграциялаш воситаси сифатида кўрилади. Бу жуда муҳим ҳолат. Транспорт йўналишлари аввал геосиёсий қарамликни англатган, ҳозир эса иқтисодий суверенитетни таъминлайди. Яъни, бир йўл боғлиқлик, кўп йўл мустақиллик гаровидир. Шунингдек, Европа ва Осиёни боғловчи мазкур йўлак тез, хавфсиз ва ишончли савдо маршрути сифатида баҳоланмоқда.

Жонатан Хеник жорий йил 11 февраль куни Марказий Осиё халқаро институтида қилган очиқ маърузасида минтақавий боғланувчанлик ташаббуслари иқтисодий ўсиш ва барқарорликнинг муҳим омили эканини таъкидларкан, шундай деди:

– Бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида: Марказий Осиёнинг қоқ марказида, асосий транзит йўллар туташадиган ҳудудда жойлашган мамлакат саноат кооперацияси изчил ривожланаётган бозорга айланмоқда. Шу боис АҚШ – Марказий Осиё мулоқотида транспорт ва логистика масаласи амалда айнан Ўзбекистон орқали ҳал этилади. Яъни, республика бугун фақат иштирокчи эмас, балки шаклланаётган минтақавий логистика тизимининг марказий бўғинига айланмоқда.

2015 йил ташкил этилган C5+1 формати дастлаб хавфсизлик ва сиёсий мулоқот майдони сифатида шаклланган. Сўнгги йилларда эса иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт боғланувчанлиги муҳокама марказига кўчди. Бундай ўзгариш халқаро муносабат билан боғлиқ кенг қамровли тенденцияни акс эттиради. Давлатлар ўртасидаги алоқалар энди фақат сиёсий келишув эмас, балки ўзаро иқтисодий манфаатларга таяна бошлади. Инфратузилма ва савдо занжири қай даражада мустаҳкам бўлса, ҳамкорлик ҳам шундай барқарор ўсади.

Шу маънода транспорт йўлаклари логистика воситаси ўлароқ, иқтисодий тараққиёт механизми вазифасини ҳам ўтамоқда. Йўл қурилиши ишлаб чиқаришни рағбатлантиради, ишлаб чиқариш сармоя жалб этади, инвестиция эса барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Жонатан Хеникнинг фикрларидан англашиладики, АҚШ Марказий Осиёга нисбатан энди фақат хавфсизлик сиёсатини юритиш билан чекланмасдан, иқтисодий боғланувчанликка ҳам таянади. Транспорт йўлаклари мавжуд ҳамкорликнинг шунчаки техник жиҳати эмас, балки асосий мазмунига айланмоқда. Ўзбекистон учун эса айни ҳолат дипломатик муносабатларнинг янги босқичини англатади.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА