Хитой ва Марказий Осиё рақамли ҳамкорлиги: Синьцзянда янги марказ

9

Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик изчил кенгаймоқда. Ана шу жараённинг муҳим бўғини сифатида Синьцзянда халқаро интеграциялашган ҳисоблаш маркази ишга туширилди.

2025 йил май ойида фойдаланишга топширилган мазкур марказ қисқа вақт ичида 2000 петафлопс ҳисоблаш қувватига эришди. Бу секундига улкан ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш имконини беради. Яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 10000 петафлопсгача ошириш режалаштирилмоқда.

Қулай географик жойлашув ва “яшил” электр энергияси ресурсларининг бойлиги Синьцзянга рақамли инфратузилмани самарали ва тежамкор асосда ривожлантириш имконини бермоқда. Бу эса минтақа мамлакатлари учун замонавий рақамли хизматлардан кенг фойдаланиш шароитини яратади.

Мазкур марказ Хитойнинг “Шарқий маълумотлар – ғарбий ҳисоблаш” ташаббусида ҳамда Рақамли ипак йўлини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. У Марказий Осиё давлатларига сунъий йўлдош тасвирларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва минерал ресурслар бўйича маълумотларни таҳлил қилиш, шунингдек, устувор тармоқларни қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этмоқда.

“Хитой ва Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан фазо-вақт интеллекти бўйича қўшма лаборатория ташкил этиш тўғрисида келишувлар имзоланди. Ушбу мамлакатлар вакиллари марказнинг юқори техник салоҳиятини юксак баҳолаб, ҳамкорликни кенгайтириш ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳисоблаш марказининг ривожланиши минтақа рақамлашувини жадаллаштириш, технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Синьцзян ҳамда Марказий Осиё давлатларининг қўшма инновацион тараққиёти учун янги имкониятлар яратади.

Нилуфар Бозорова, ЎзА