Рамазон – эзгулик бардавом бўладиган ой

9

Президентимизнинг Рамазон ойи муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳар бир юртдошимиз қалбида алоҳида бир туйғуни уйғотди. Бу табрик оддий байрам қутлови эмас, балки халқимизни яна бир бор эзгуликка, саховатга, бағрикенглик ва шукроналикка даъват этувчи маънавий чақириқдир.

Рамазон – мағфират ойи. Бу ойда инсон нафақат рўза тутади, балки қалбини поклайди, яхши ниятлар қилади, савобли ишларга қўл уради, амалларини тарозига солади.

Юртимизда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани бежиз эмас. Президентимиз табригида таъкидланганидек, маҳалла ва хонадонларни обод қилиш, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларга эътибор қаратиш, қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш каби ишлар айнан Рамазон руҳи билан ҳамоҳангдир.

Айниқса, жорий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани рамзий маънога эга. Чунки, жамиятни юксалтириш аввало, инсонни юксалтириш демакдир. Инсон эса маънавият билан, меҳр-оқибат билан, яхшилик билан юксалади.

Рамазон кунларида юртимизда саховат ва хайрия ишлари янада кенг қулоч ёйиши янгилик эмас. Бу ойда кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, масжид ва зиёратгоҳларни обод қилиш ишлари янада фаоллашади.

Президентимиз табригида юртимизда ислом маданияти ва меросини асраб-авайлаш, буюк алломаларимиз хотирасини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди. Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқандда бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси каби мажмуалар халқимизнинг маънавий юксалишида муҳим ўрин тутади. Бу муқаддас масканларда аждодлар руҳига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш Рамазон ойининг руҳига мос улкан савоб ишлардир.

Бугун дунёнинг айрим ҳудудларида можаролар, зиддиятлар давом этаётган бир пайтда, Рамазон ойи барчамизни тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг қадрига етишга чорлайди. Меҳр-муҳаббат, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат инсониятни қутқарадиган энг катта кучдир. Яхшилик дунёни асрайди. Инсондан эса яхши ном, эзгу амаллар қолади.

Рамазон нафақат ибодат, балки инсоний фазилатларимиз намоён бўладиган палла. Шундай экан, ушбу муборак ой ҳар биримизга мағфират, меҳр ва барака ойи сифатида эзгу ишларимизга қанот бағишласин. Зеро, яхшилик бардавом бўлган жамиятда инсон қадри ҳам  улуғланади, юртимиз обод, турмушимиз фаровон бўлади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА