Қимор ўйинларини реклама қилган блогерлар жавобгарликка тортилди

8

Рақобат қўмитаси томонидан интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган рекламаларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан тизимли мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Олиб борилган ўрганишлар давомида айрим машҳур блогерлар ўз саҳифаларида букмекерлик хизматлари ҳамда қимор ўйинларини тарғиб қилувчи видеороликлар жойлаштиргани аниқланди. Хусусан, бир неча юз минглаб обуначига эга бўлган блогерлар

Ф.Ширинбоева ҳамда Д.Бахтиозин томонидан қимор ўйинларини реклама қилувчи материаллар тарқатилган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда маъмурий чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар суд органларига юборилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, мамлакат ҳудудида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш қатъиян тақиқланади. Мазкур талабларни бузиш қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлади. Шу боис, Рақобат қўмитаси блогерлар ва реклама тарқатувчи шахсларни амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақирмоқда.

Нигора Раҳмонова, ЎзА