Ўзбекистоннинг диний соҳадаги ислоҳотлари Индонезия матбуотида ёритилди
Индонезиянинг нуфузли нашрларидан бири — «Kalimantan Post» газетасида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ушбу маърифий марказ фаолиятига бағишланган мақоласи чоп этилди.
«Reformasi Spiritual Uzbekistan untuk Inspirasi Indonesia» («Ўзбекистоннинг диний соҳадаги ислоҳотлари Индонезия учун илҳом манбаи») номли мақолада мамлакатимизда диний соҳадаги очиқлик, бағрикенглик ва илм-маърифатга асосланган янгиланишлар атрофлича таҳлил қилинган.
Мақолада Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ақида ва калом илмини ўрганиш, бой маънавий меросни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда радикализмга қарши маърифий асосда курашдаги ўрни алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг бағрикенг жамият модели халқаро миқёсда эътироф этилаётгани ҳамда Индонезия каби давлатлар учун муҳим тажриба сифатида баҳоланаётгани таъкидланган.
Мазкур мақола Янги Ўзбекистонда рўй бераётган жадал ўзгаришларни халқаро ҳамжамият, хусусан дунёда энг катта — 242 миллион мусулмон аҳолига эга Индонезия жамиятига етказишга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА