Сукутдаги матонат ва қадр: аёл нега кучли бўлишга маҳкум?

38

Аёлни кўпинча «заифа» деб аташга одатланганмиз. Бироқ ҳаётнинг бор заҳмати ва залворли синовларини елкасида матонат билан кўтариб келаётган айнан аёл эканини теран англамаймиз. Унинг кучи баланд овоз ёки шовқин-суронда эмас, балки ички бардошида, сукутида ва қайта-қайта оёққа тура олишида намоён бўлади. Уни англаш учун шунчаки қараш кифоя қилмайди — уни тушуниш, қалб кўзи билан ҳис қилиш лозим. Зеро, аёл фақат меҳр ва ҳимоя қуршовида бўлгандагина ўз табиатидаги нозикликни сақлаб қола олади. Акс ҳолда, ҳаётнинг шафқатсиз чархпалаги уни кучли бўлишга, оғриқларни табассум ортига яширишга мажбур қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Аёлни рози қилсак, оила рози бўлади, оила рози бўлса — жамият рози бўлади. Агар аёлнинг ҳуқуқлари таъминланса, у ўзини бахтли ҳис этса, бутун халқимиз бахтли бўлади». Бу сўзлар замирида аёл — шунчаки жамият аъзоси эмас, балки миллатнинг соғломлиги ва келажагини белгиловчи асосий устун экани ҳақидаги ҳақиқат ётади. Афсуски, баъзан аёл ҳаёти сукут билан бошланади. Ичига ютилган саволлар, айтилмаган гаплар ва кўзга чиқмаган ёшлар унинг доимий ҳамроҳига айланади. Психологияда «депрессив табассум» деб аталадиган ҳолат ўзбек аёлининг кундалик қиёфасига айланиб қолгандек: ташқаридан ҳаммаси жойида, ичкарида эса вайрон бўлган орзулар ва ўзини йўқотмаслик учун ҳар кунлик жанг. Унга кучли бўлишни ҳеч ким танлаш имкони сифатида бермайди, балки ҳаёт шунга мажбур қилади.

Ўзбек аёлининг бардоши асрлар давомида қум бағридаги саксовулдек мустаҳкамланган. Биз Тўмариснинг жасорати, Нодирабегимнинг матонати ва Увайсийнинг соғинчи ҳақида гапирамиз-у, лекин ёнимиздаги оддий аёлнинг ички сукутида қандай бўронлар яширинганини пайқамаймиз. У йиғини ичига кўмиб, жамиятга табассум билан боқиши — бу заифлик эмас, балки ироданинг олий шаклидир.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан аёлларнинг ана шу матонатини қўллаб-қувватлаш, уларни мураккаб вазиятларда ёлғиз қолдирмаслик учун мисли кўрилмаган имтиёз ва имкониятлар тизими яратилди. Хусусан, хотин-қизларнинг таълим олиши учун берилаётган фоизсиз таълим кредитлари, эҳтиёжманд оилалардан бўлган қизлар учун олийгоҳларга ажратилаётган алоҳида кўрсаткичлар (квоталар), магистратурада ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилаётгани — буларнинг барчаси аёлнинг илмли ва мустақил шахс бўлиб шаклланишига хизмат қилмоқда. «Аёллар дафтари» орқали моддий ва руҳий кўмак бериш, тадбиркорлик бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратиш тизими йўлга қўйилгани аёлнинг жамиятда ўз ўрнини топишида мустаҳкам таянч бўлмоқда. Бу имкониятлар аёлга «Сен ёлғиз эмассан, давлат сенинг ҳимоячинг» деган ишончни беради.

Бироқ, жамиятимиздаги энг оғриқли нуқта — ажримлар масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Статистик маълумотларга кўра, кўплаб ёш оилалар арзимас, ечим топса бўладиган муаммолар сабаб бузилмоқда. Никоҳ — бу шунчаки ижтимоий келишув эмас, балки муқаддас аҳддир. Оилавий ришталар узилганда эса, жамият аёлга ҳукм чиқаришга шошилади. Унга нисбатан «яширин ижтимоий босим» бошланади. Ваҳоланки, ажрашган аёл — синган идиш эмас, у баъзан руҳий зўравонликдан қутулиш ва ўзлигини сақлаб қолиш учун жасорат кўрсатган инсондир. У кечалари боласининг келажагини ўйлаб шифтга тикилиб чиқса-да, тонг отганда яна куч топиб, ҳаётга чиқади. Давлатимиз томонидан алимент тўловларининг қатъий назоратга олиниши, уй-жойга муҳтож аёлларга ижтимоий турар жойлар берилиши айнан мана шундай мураккаб пайтда аёлнинг қаддини тиклашга қаратилган.

Мазкур муаммони ҳал этиш учун фақат давлат томонидан бериладиган имтиёзлар кифоя қилмайди. Бизга аввало жамиятнинг аёлга бўлган нигоҳини ўзгартириш, эркакларнинг оиладаги маънавий масъулиятини ошириш зарур. Оила институтини мустаҳкамлашда маҳаллалардаги «Оқила аёллар» ҳаракати ва психологларнинг ролини кучайтириш керак. Аёлни «Сен кучлисан, чидайсан» деб ёлғизлатиб қўйиш — инсонийликка зиддир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, аёлни синдира оладиган тўсиқнинг ўзи йўқ. Уни фақат тушунмаслик ва бефарқлик билан қийнаш мумкин. Аёл кучли бўлгани учун чидаётгани йўқ, балки барига чидагани учун кучли бўлишга маҳкум этилган. Бизнинг вазифамиз — унинг елкасидаги бу оғир юкни енгиллатиш, давлат яратган имкониятлардан унумли фойдаланишига кўмаклашиш ва унга яна нозик ҳамда ҳимояланган бўлиш имконини қайтариб беришдир. Токи аёлнинг кўзида ёш эмас, бахт порласин, зеро бахтли аёл — бахтли жамият демакдир. Қаҳратон қишдан кейин албатта баҳор келганидек, сабр ва матонат билан яшаган ҳар бир аёлнинг қуёши бир кун албатта нур сочади. Фақат тўхтаб қолманг, азиз аёллар, зеро сизнинг иродангиз дунёни гўзалликка тўлдиришда давом этади.

Дилнура Данабаева,

ЎзА