Хавфсизлик билимдан бошланади

25

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан «Огоҳ бўлинг, фирибгар!» мавзусида маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади талаба-ёшлар ва аҳолимизни фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш чоралари билан таништиришдан иборат бўлди.

Унда филиалнинг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қайпбергенов сўзга чиқиб, фирибгарликнинг бугунги кундаги кўринишлари, уларнинг қўйган тузоқлари ҳамда шахсий ва молиявий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарур таклифларини айтиб ўтди. Жумладан, маърузачи томонидан бугунги кунда ҳаётимизда юз бераётган интернет орқали банк карталари маълумотларини сўраб, сохта қўнғироқлар билан халқни алдаш, ижтимоий тармоқларда ёлғон танлов ва совғалар эълон қилиш орқали алдаш ҳолатлари, республикамиз ҳудудларида сўнгги вақтларда юз берган фирибгарлик ҳолатлари бўйича аниқ далиллар келтириб, улардан қандай сақланиш ва фирибгарлик тузоғига тушиб қолмаслик бўйича ўзининг амалий тавсияларини берди. Тадбир иштирокчилари билан интерфаол тарзда муҳокама ўтказилиб, уларнинг шахсий тажрибалари ҳам тингланди.

Шунингдек, институтнинг «Техноген ва санъатшунослик» факультети декани ўринбосари Жеткербай Бердимуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Нурия Бердиниязова ва институтнинг профилактика инспектори Нуратдин Еримбетов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларига фирибгарликнинг замонавий кўринишлари, улар томонидан қўлланилаётган турли усуллар ва уларнинг олдини олиш чоралари тўлиқ тушунтирилди.

Ушбу тадбир ёшлар ва аҳолини фирибгарликдан огоҳлантириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва жамиятда ҳушёрликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадбир давомида иштирокчилар ўзларининг савол ва фикрларини билдириш имкониятига эга бўлди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси