Мактаб маслаҳатчиси лавозими учун суҳбат ўтказилмоқда

Шу йилнинг 12-19-февраль кунлари давомида Нукус шаҳридаги Президент мактабида Қорақалпоғистон Республикасидаги «Келажак» марказларининг умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритувчи мактаб маслаҳатчиси лавозими учун суҳбатлар бўлиб ўтмоқда. Бу лавозимга жами 728 нафар номзод ҳужжат топшириб, шундан 340 нафари суҳбат жараёнида билимларини синовдан ўтказмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги «Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «Келажак» марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали болаларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этиш, уларни интеллектуал жиҳатдан етук, Ватанга садоқатли, тарих ва миллий маданиятимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.
Суҳбатдан олдин шу йилнинг 16-январь куни тест синовлари ўтказилган эди. Бу жараёнда ушбу лавозимга республика бўйича 128 мактабга жами 728 нафар номзод ҳужжат топшириб, 569 та номзод ўз билимларини синовдан ўтказди.
Суҳбат жараёни ҳам белгиланган тартиб ва талаблар асосида шаффоф ва ошкора муҳитда адолат тамойилларига амал қилган ҳолда ташкил этилиб, талабгорларнинг лидерлик ва ташаббускорлик салоҳияти, амалий тажрибаси, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш қобилияти, ёшлар билан ишлашдаги ёндашуви холисона баҳоланмоқда.



Танлов жараёнларининг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида апелляция механизми йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатлар қонунчилик асосида кўриб чиқилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги