Амударёлик футболчилар кейинги босқичда

Нукус шаҳрида республикамиз мактабларининг ўқувчи қизлари ўртасида футбол бўйича «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги»нинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада кубокнинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган Амударё, Қонликўл, Нукус ва Бўзатов туманлари жамоалари иштирок этиб, кубокнинг финал босқичига чиқиш учун ўзаро беллашди.
Чек ташлаш маросимидан сўнг энг аввал ўйинда Амударё тумани футболчилари қонликўллик қизлар билан учрашиб, унда амударёлик қизлар ўз рақибларини 1:0 ҳисобида енгиб чиқишга муваффақ бўлди. Нукус ва Бўзатов туманлари футболчилари ўртасида ўтказилган ўйинда эса, бўзатовлик қизларнинг қўли баланд келди. Ҳисоб 0:1.
Сўнгра бронза медали учун ўйин ўтказилиб, унда Қонликўл тумани жамоаси ғолиб деб топилди.
Амударё ва Бўзатов туманлари жамоалари ўртасида бўлиб ўтган финал ўйини ҳам жуда қизиқарли ва кескин тарзда ўтиб, бу учрашувда Амударё туманидаги 37-сонли мактабнинг жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди ва мусобақанинг якуний босқичига йўлланмани қўлга киритди. Олис Бўзатов туманидан келган 10-сонли мактаб ўқувчиларига мусобақанинг кумуш медали насиб этди.

Таъкидлаш жоизки, «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги»нинг Ўзбекистон Республикаси босқичи жорий йилнинг 24-30 март кунлари Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтади. Мусобақа ғолиблари эса «Damas» автомашинаси ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси