Ўқувчи-ёшлар учун «Очиқ эшиклар куни»

10

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, билим савиясини юксалтириш, уларда ҳарбий соҳага бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида Миллий гвардия томонидан ҳудудларда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Умумтаълим мактабларида Миллий гвардия ҳарбий ватанпарварлик синфларининг ташкил этилиши, ҳар хил тадбирларнинг ўтказилиши ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямизга ҳурмат, фидойилик каби ғояларни шакллантириш, уларни танлаган касбига садоқатли этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда Нукус шаҳар 36-сонли умумтаълим мактабида «Очиқ эшиклар куни» тадбири ташкил этилди.

– Мактабимизда ҳарбий техникалар ва махсус асбоб-ускуналар кўргазмаси бўлиб ўтди, – дейди мактаб ўқувчиси Жанар Яхшиликова. – Биз улардан фойдаланиш тартиби билан яқиндан танишиб чиқдик. Ҳарбий хизматчилар томонидан бошқармалар фаолиятида рўй бериб турадиган воқеалар ҳақида маълумот берилиб, бизни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Тадбир доирасида Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси томонидан хизмат итларининг фаолияти яқиндан таништирилди ва ҳарбий қурол-яроғлар кўргазмаси ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин пайтида ва фавқулодда вазиятларда ишлатиладиган асбоб-ускуналари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, камондан ўқ отиш машқлари ўқувчиларда мерганлик қобилиятини юзага чиқаришга хизмат қилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.