2026/2027 ўқув йилидан техникумларда ўқувчиларга стипендия берилади

18

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб техникум ўқувчиларига стипендия тўланиши мамлакатда касбий таълим тизимини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Бу ташаббус ёшларни замонавий касбларга кенг жалб этиш, уларнинг таълим олишга бўлган қизиқишини ошириш ва меҳнат бозори талабларига мос малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, маҳаллаларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 10 мингдан зиёд лойиҳани амалга ошириш орқали 100 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, маҳаллалар инфратузилмасини модернизация қилиш учун катта ҳажмда молиявий ресурслар ажратилиб, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган ишлар кучайтирилади.

Касбларни ривожлантириш йўналишида эса бир қатор муҳим янгиликлар жорий этилмоқда.

Жумладан, илғор касбий маҳорат техникумлари негизида “Касблар шаҳарчалари” ташкил этилиб, мактаб ўқувчиларини эрта босқичданоқ замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш мақсад қилинган.

Энг аҳамиятли янгиликлардан бири — 2026/2027 ўқув йилидан техникум ўқувчиларига стипендия тўлаш амалиётининг йўлга қўйилиши ҳисобланади. Бу таълим олувчиларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан бирга, касбий таълимнинг нуфузини ҳам оширади.

Бундан ташқари, ҳудудларда 24 та малакани баҳолаш маркази ташкил этилиб, меҳнат бозорида расман тан олинадиган сертификатлар бериш тизими жорий этилади. Бу эса ёш мутахассисларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, мазкур ислоҳотлар касбий таълимни янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодиётни малакали кадрлар билан таъминлаш ва ёшларнинг барқарор бандлигини таъминлашга қаратилган комплекс ёндашувни ифода этади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА