Ўзбекистонга январь ойида қарийб 1 миллион турист ташриф буюрди
2026 йил бошида Ўзбекистон туризм соҳасида яна бир муҳим натижани қайд этди. Январь ойининг ўзидаёқ мамлакатга қарийб 1 миллион нафар хорижий фуқаро ташриф буюрди.
Бу кўрсаткич нафақат соҳадаги ижобий динамикани, балки Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлик йўналиши сифатида жозибадорлиги ошиб бораётганини ҳам яққол намоён этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь ойида 950 278 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга келган.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 271,6 минг нафарга ёки қарийб 40 фоизга ошган.
Январь ойида Ўзбекистонга энг кўп турист Қирғиз Республикаси (282 798 нафар), Тожикистон (244 373 нафар), Қозоғистон (207 858 нафар), Россия (69 070 нафар), Афғонистон (43 572 нафар), Туркманистон (28 150 нафар), Хитой (25 666 нафар), Туркия (12 740 нафар), Ҳиндистон (6 095 нафар), Корея Республикаси (3 237 нафар)дан ташриф буюрган.
Ҳамроз Баянов, ЎзА