Ўзбекистонда UNFPA билан ҳамкорликда аҳоли турмуш сифатини оширишга оид лойиҳалар амалга оширилади

11

Олий Мажлис Сенатига БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Аббасзаде ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда UNFPAнинг демографик сиёсат, репродуктив саломатлик ва гендер тенглик соҳаларида олиб бораётган амалий кўмаги ҳамда БМТ тизимидаги ишончли ҳамкор сифатидаги аҳамияти таъкидланди.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирида Жамғарма томонидан жалб қилинган халқаро экспертлар ва кўрсатилаётган услубий ёрдамнинг муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқиш, онлайн ва гендер зўравонликка қарши курашиш, миллий тадқиқотлар ўтказиш ва оилага йўналтирилган сиёсатни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишдан томонлар манфаатдор экани таъкидланди.

Н.Абдураимова, ЎзА