Ота ўз мажбуриятини вақтидан олдин бажарди

12

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Чимбой тумани бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тушунтириш ва ижро ҳаракатлари давомида ота ўз фарзандлари вояга етгунига қадар 250 миллион сўм миқдоридаги маблағни алимент учун олдиндан тўлаб берди.

Чимбойлик фуқаро А.А. турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетган. Икки нафар фарзанди эса онасининг қарамоғида қолган. Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг қарорига асосан, отадан ҳар ойда алимент ундириш белгиланади. Ҳужжат МИБ Чимбой тумани бўлими иш юритувига олиниб, давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар олиб борилган. Ўз вақтида алимент маблағни тўлаб келаётган ота билан ўтказилган тушунтиришлардан кейин у фарзанди вояга етгунга қадар белгиланган пулни тўлаши бўйича бюрога ариза билан мурожаат қилди. Унинг мурожаати кўриб чиқилди ва 18 ёшгача бўлган давр учун ҳисобланган алимент маблағи ҳисобига 250 миллион сўм тўлов нақд кўринишда амалга оширилди.

МИБ туман бўлими ходимлари томонидан кўрилган амалий чора-тадбирлар ва тарғибот ишлари самараси ўлароқ юқоридаги ижро ҳужжати амалда тамомланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги