Рамазон ойида нархлар барқарорлиги таъминланади
Давлатимиз раҳбари саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик ойи Рамазонда ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Шу муносабат билан тегишли идора ва ташкилотларга зарур топшириқлар берилди.
Юқоридаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан йирик савдо тармоқлари ҳамда республика ҳудудларидаги савдо комплексларига расмий кўрсатмалар юборилди.
Унга кўра, Рамазон ойи арафасида талаб кескин ортиши мумкин бўлган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Чакана савдо тармоқлари ва ҳудудлардаги савдо комплексларига маҳсулот етказиб берувчи корхоналар томонидан, нархларни ўзгартириш ҳолатлари, логистика харажатлари ошиши, маҳсулот таннархига таъсир этувчи бошқа омиллар юзасидан Қўмитани тезкор равишда хабардор қилиб бориш талаб этилмоқда. Шунингдек, етказиб берувчиларни асоссиз нарх ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича доимий равишда огоҳлантириб бориш юзасидан топшириқлар берилган.
Қўмита халқимиз учун муҳим бўлган ижтимоий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида ўз ваколатлари доирасида барча зарур чораларни кўришини маълум қилди.
Рамазон ойи давомида бозорларда сунъий танқислик ва асоссиз нарх ошириш ҳолатларининг олдини олиш устидан назорат кучайтирилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА