Глобал сиёсатда маданий дипломатиянинг ўрни

20

XXI аср глобал сиёсати классик дипломатия доирасидан чиқиб, маъно, қадрият ва маданий таъсир майдонига айланмоқда.

Ўтган асрда давлатлараро муносабатлар асосан ҳарбий куч, иқтисодий босим ёки сиёсий иттифоқлар орқали шаклланган бўлса, бугунги кунда маданий дипломатия ташқи сиёсатнинг анчайин таъсирчан, барқарор воситаси сифатида намоён бўлмоқда.

Глобаллашув, рақамли коммуникация ва ахборот тезкорлиги шароитида давлатнинг ташқи имижи энди фақат расмий баёнот ёки дипломатик музокара эмас, балки муайян халқнинг маданияти, тили, таълим тизими, санъати ва ҳаёт тарзи орқали шаклланмоқда. Шу маънода маданий дипломатия – давлатнинг “юмшоқ кучи” (“soft power”) ўлароқ, халқаро майдонда ишонч, хайрихоҳлик ва таъсир доирасини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу мақолада маданий дипломатиянинг глобал сиёсатдаги ўрни, эволюцияси ва замонавий трансформация жараёни мавзулари таҳлил қилинади. Шунингдек, анъанавий шакллардан рақамли ва гибрид форматларга ўтиш, геосиёсий рақобатда муносиб ўрин эгаллаш йўллари очиб берилади.

Описание: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - расмий хабарлар, тезкор янгиликлар,  таҳлилий-танқидий материаллар, қонун ҳужжатлари, фото ва видеорепортажлар

Маълумки, маданий дипломатия маданият, қадриятлар, тарих ва маънавий меросни хорижий жамоатчиликка етказиш орқали давлатнинг ижобий имижини шакллантиришга қаратилган ташқи сиёсий фаолият туридир. Бундай дипломатия мумтоз услубдан фарқли равишда фақат ҳукуматлар эмас, балки жамиятлар, халқлар ва маданий маконлар ўртасида ҳам изчил мулоқотни йўлга қўяди.

Назарий жиҳатдан маданий дипломатия “юмшоқ куч” концепцияси билан чамбарчас боғлиқ. Юмшоқ куч бошқа давлатни мажбурлаш эмас, балки жалб этиш, ишонтириш ва ўзига мойил қилиш орқали таъсир кўрсатишдир. Бу жараёнда маданият, таълим, тил ва қадриятлар асосий воситага айланади.

Муҳим жиҳати шундаки, маданий дипломатия қисқа муддатли сиёсий фойдадан кўра, узоқ муддатли ишончли ва барқарор муносабатни шакллантиради ва геосиёсий зиддиятлар кучайган даврда ҳам алоқа узилишининг олдини олувчи “кўприк” вазифасини бажаради.

Бугунги халқаро муносабатлар тизимида маданий дипломатия қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

Биринчидан, давлатнинг ташқи имижини шакллантиради. Маданияти бой, очиқ ва инновацион давлатлар халқаро ҳамжамиятда ишончли шерик сифатида қабул қилинади.

Иккинчидан, сиёсий зиддиятни юмшатади. Расмий дипломатия муваффақиятсизликка учраган ҳолатларда маданий алоқа мулоқотни сақлаб қолишга хизмат қилади.

Учинчидан, глобал рақобатда ноанъанавий устунлик беради. Ҳарбий ёки иқтисодий имконияти чекланган давлатлар маданий таъсир орқали ўз нуфузини ошира олади.

Тўртинчидан, халқ дипломатиясини ривожлантиради. Талабалар алмашинуви, маданий фестиваллар, кино, мусиқа ва адабиёт орқали давлатлар ўртасида бевосита жамоатчилик алоқаларини кучайтиради.

Шу боис маданий дипломатия бугунги глобал сиёсатда қўшимча восита эмас, балки ташқи сиёсатнинг ажралмас қисми сифатида намоён бўлмоқда.

Анъанавий шаклдан рақамли майдонга

Описание: Xalqaro maydonda O'zbekistonning madaniy diplomatiyasi – Qoraqolpog'iston  Axborot Agentligi

Анъанавий маданий дипломатия кўпроқ маданий марказлар фаолияти, кўргазма, концерт ва таълим дастурлари орқали амалга оширилган. Бинобарин, XXI асрда бу механизм тубдан ўзгарди.

Рақамли платформалар пайдо бўлиши билан маданий таъсир географик чекловдан чиқиб кетди. Энди давлатлар ўз маданиятини ижтимоий тармоқ, онлайн таълим, платформа ва рақамли контент орқали глобал аудиторияга етказмоқда.

Бундай услуб муайян ўзгаришларни келтириб чиқарди: маданий дипломатия тезкор ва оммавий тус олди, давлатга қўшимча равишда нодавлат субъектлар – блогер ва ижодкорлар, университетлар фаоллашди, ахборот уруши ва маданий рақобат унсурлари кучайди. Натижада маданий дипломатия нафақат ижобий имиж воситаси, балки геосиёсий рақобат майдонига ҳам айланди.

Глобал сиёсий рақобат чуқурлашиб бораётган шароитда маданий дипломатия давлатлар учун стратегик ресурсга айланмоқда. Бу жараён тасодифий эмас: ҳарбий куч ёки иқтисодий босим қисқа муддатли натижа бериши мумкин, аммо маданий таъсир орқали шаклланган ишонч кўп йил давомида сақланиб қолади. Шу сабабли замонавий халқаро муносабатларда давлатлар ўз маданиятини фақат танитиш эмас, балки глобал аудитория учун жозибадор, замонавий ва очиқ шаклда тақдим этишга интилмоқда.

Описание: Madaniyat diplomatiya sifatida: Islomobodda Pokiston Prezidenti bilan  Tojikiston kunlari ochildi – ИА Караван Инфо

Ҳозирги вазият маданий дипломатия мазмунан ҳам ўзгараётганини кўрсатади. Аввал маданият кўпроқ тарих, анъана ва мумтоз санъат орқали ифодаланган бўлса, бугун инновация, креатив индустрия, таълим, туризм ва рақамли маданият билан уйғун ҳолда намоён бўлмоқда. Давлатнинг нуфузи энди фақат ўтмиш мероси билан эмас, балки замонавий дунёга қандай мослашаётгани, ёшлар билан қай усулда мулоқот қилаётгани билан ҳам баҳоланмоқда.

Айни пайт маданий дипломатия глобал ахборот майдонидаги кескин рақобат шароитида яшамоқда. Рақамли платформалар орқали маданият тез тарқалади, бироқ шу қадар тез баҳс-мунозара, танқид ва ҳатто манипуляция объектига айланиши ҳам мумкин. Шунинг учун замонавий маданий дипломатия фақат контент яратиш билан чекланмайди, балки маънавий ишонч, мулоқот маданияти ва очиқликка таянади. Бу эса давлатлардан стратегик фикрлаш, узоқ муддатли маданий сиёсат юритишни талаб қилади.

Яна бир муҳим жиҳат – давлат монополиясидан чиқиш жараёни. Бугун университетлар, илмий марказлар, кино ва мусиқа индустрияси, спорт, ҳатто алоҳида шахслар ҳам маданий дипломатия субъектига айланмоқда. Бу ҳолат маданий таъсирни янада кучайтирса-да, бошқаришни мураккаблаштиради. Шу нуқтада давлатнинг вазифаси маданиятни қатъий назорат қилиш эмас, балки қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва глобал майдонда эркин ҳаракатланишига шароит яратишдан иборат.

Глобал сиёсатда маданий дипломатиянинг аҳамияти яна бир омил – зиддиятли геосиёсий муҳитда ҳам мулоқот имкониятини сақлаб қолиш хусусияти билан боғлиқ. Қарши қараш, санкция ёки сиёсий совуқлик шароитида ҳам маданий алоқа бутунлай узилмайди. Айнан шу жиҳат маданий дипломатияни халқаро барқарорликни таъминловчи муҳим омил сифатида намоён қилиб, анъанавий дипломатиядан устунликни таъминлайди.

Шу нуқтаи назардан маданий дипломатия концепцияси сифатида илгари сурилган, “Joseph Nye” таъкидлаган “юмшоқ куч” ғояси бугун янги мазмун билан бойимоқда. Бу таълимот энди фақат жозиба эмас, балки маънавий ишонч, глобал масъулият тушунчалари билан уйғунлашмоқда. Давлатлар маданий дипломатия орқали нафақат ўз манфаатини илгари сурмоқда, балки глобал муаммоларга муносабатини ҳам ифодаламоқда.

Хулоса шуки, маданий дипломатия глобал сиёсатда иккинчи даражали эмас, балки стратегик аҳамиятга эга таъсир воситасига айланган. Қайта шаклланиш жараёни эса дунёдаги сиёсий, технологик ва маданий ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ. Маданий таъсирни тўғри англаш ва замонавий шаклда қўллай билиш халқаро майдонда узоқ муддатли нуфуз ва ишонч қозониш имконини беради. Бугунги дунёда айнан шу омил давлатларнинг ҳақиқий глобал ўрнини белгиламоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА