Театримиз энг яхши театрлар қаторидан ўрин олди

35

Истанбул шаҳрида Туркиянинг «Anadolu» газетаси билан ҳамкорликда Халқаро театр мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтиб, унда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри «Энг яхши халқаро театр» номинацияси билан тақдирланди.

Бу ютуқ театр жамоасининг кўп йиллик фидокорона меҳнати, ижодий изланишлари, туркий давлатлар театрлари билан олиб борилган қўшма саҳна ишлари ва халқаро лойиҳаларда фаол иштирокининг натижасидир.

Ушбу мукофот театр ижодкорларининг машаққатли меҳнатига берилган юксак баҳо бўлиб, туркий дунё театрлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри бугунги кунда нафақат республика миқёсида, балки халқаро саҳналарда ҳам муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.

Театр ижодкорлари саҳна орқали халқимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва замонавий руҳини уйғун тарзда намойиш этиб, ёш авлодни санъатга яқинлаштирмоқда. Бу халқаро эътироф эса театр жамоасининг фидокорона меҳнати, ижодий салоҳияти ва саҳна санъатига чексиз садоқатининг ёрқин тасдиғидир.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги