Заҳириддин Муҳаммад Бобур – давлат арбоби ва буюк сўз санъаткори

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, улуғ шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан бири.
Айни пайтда юртимизда ўрта аср Шарқ маданияти ва адабиётининг буюк намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур – давлат арбоби ва буюк сўз санъаткори” мавзусида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов Бобур Мирзонинг бой илмий ижоди, маънавий маҳзанлари билан таништириш, асарларини мутолаа қилишга ундаш бугунги куннинг муҳим вазифаси эканини қайд этди.
Дарҳақиқат, Бобур Мирзо ижодининг сарчашмаси ҳисобланган мемуар асар «Бобурнома» нафақат миллий адабиётимизнинг ноёб дурдоналаридан, балки жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан бири саналади.
Мазкур асарнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири, ўша даврда адабиётимизда наср жанрида яратилган йирик асарлардан бири сифатида ҳам муҳим ўрин тутади. Ушбу қомусий китоб 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Бобур ва бобурийлар сулоласига оид бебаҳо манбалар жаҳоннинг 70 дан ортиқ музейларида сақланяпти.

Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-маърифат ҳақидаги ғоялари, одоб-ахлоқ, яхшилик, вафо, халқини севиши, инсонпарварлик, Ватандан жудолик ғам-алам экани, адолат ҳақидаги қарашлари ҳозирги давр ёшлари тарбиясида ҳам ғоят аҳамиятли экани таъкидланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида талабалар театр студияси томонидан “Бобур соғинчи”, “Бобур васияти”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва малика Байда” суҳбати акс этган саҳна кўринишлари, Бобур Мирзо ғазалларига басталанган куй-қўшиқлар йиғилганларга намойиш этилди.
Шоир ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабалар томонидан турли тилларда ғазал ва рубоийлар ўқилди.

Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири