Марафон – соғлом турмуш сари яна бир қадам

28

Нукус шаҳрида «Мен ғолиб» шиори остида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.

Югуриш марафонида ҳарбий хизматчилар, спортчилар, талаба-ёшлар, мактаб ўқувчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мусобақа 3 километр масофага эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилди.

– Ушбу спорт мусобақасини ўтказишдан асосий мақсад ёшларимизнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларда Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳини мустаҳкамлашдан иборат, – дейди Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясининг Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Толибай Арзибеков.

Қизиқарли ўтган югуриш марафони мусобақасида, ёшлар ўзларининг ҳар томонлама чиниққанлигини кўрсатди ва унинг якунида биринчи ўринни эркаклар орасида Р.Искандаров, иккинчи ва учинчи ўринларни Э.Тилеумуратов ва Б.Қудайбергеновлар қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Аёллар ўртасида эса Э. Ахболатова ғолибликни қўлга киритган бўлса, фахрли иккинчи ва учинчи ўринлар Д.Даўбаева ва Ш.Халмуратоваларга насиб этди.

Мусобақа сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши котибияти бошлиғи Б.Қалимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибаев ва «Pro Run» мусобақаси ташкилотчиси С.Ерлановлар сўзга чиқиб, бундай спорт мусобақаларининг юртимизда тез-тез ўтказилиши ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширади деб таъкидлади ва ғолибларни табриклади.

Марафон якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, медаль ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси