Китобхон ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

ӨзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Шуманай туманида “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида китобхон ёшлар иштирокида маърифий учрашув ташкил этилди.
Очиқ мулоқот форматида ўтган “Book & Coffee Talks” тадбири ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилди.
Тадбирда Халқ депутатлари Шуманай туман Кенгаши депутати Дина Ибадуллаева, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ҳуқуқшунос, ёзувчи Оринбай Ешмуратов, партия фаоллари ва фаол ёшлар иштирок этди. Учрашув давомида китоб инсон камолоти, ҳуқуқий онг ва фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Сўзга чиққанлар юртимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, таълим ва тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ҳақида атрофлича фикр билдирдилар. Таъкидланганидек, маърифатли ва ташаббускор ёшлар мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Депутат Д. Ибадуллаева ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни жамият ҳаётига кенг жалб этишда китобхонликнинг аҳамияти беқиёс эканини қайд этди. Шунингдек, партия томонидан ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ёзувчи ва ҳуқуқшунос Орынбай Ешмуратов эса ёшлар билан самимий мулоқот қилиб, ўз асарлари ва ҳуқуқий мавзулардаги қарашлари билан ўртоқлашди. У китоб мутолааси инсон тафаккурини бойитиши, ҳуқуқий маданиятни юксалтириши ва ёшларни жамият ҳаётида фаол бўлишга ундашини таъкидлади.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшларга бадиий китоблар совға қилиниб, уларнинг мутолаага бўлган қизиқишини янада рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур учрашув ёшлар билан очиқ мулоқот майдонига айланиб, уларнинг фикр ва таклифларини эшитиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги