Тажрибали шифокор яратилган имкониятлардан мамнун

Соғлиқни сақлаш ходимлари халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида катта матонат кўрсатишмоқда. Ўзларининг фидойи меҳнатлари орқали халқ эътирофига сазовор бўлиш, албатта, машаққат талаб этилишини юракдан ҳис қилишлари ҳам ҳақиқат.
Нукус шаҳридаги 4-сонли оилавий поликлиникасининг оилавий шифокори Рая Султанова ҳам ана шундай фидойи шифокорлардан. Унинг 23 йил давомида орттирган тажрибаси ва ишга садоқати туфайли у юзлаб инсонларнинг соғлиғини тиклашга ҳисса қўшди. Бугунги кунда эса у нафақат малакали оилавий шифокор, балки ёш кадрлар учун ҳам ҳаётий мактаб вазифасини ўтамоқда.
1991 йили ҳозирги Қорақалпоғистон медицина институтида ўқиб юрган талабалик йилларида-ёқ у беморга меҳр қуймасдан туриб, малакали мутахассис бўлолмаслигини англади. У 1998 йили Нукус шаҳар тез ёрдам станциясида педиатр шифокор сифатида иш бошлади. Аввалига назарияни амалиёт билан уйғунлаштириш қийин бўлди. Лекин у чиниқди, устоз шифокорлар ва тажрибали ҳамширалардан сабоқ олди. Иш айнан «қайнаётган» шу тиббиёт масканида 5 йил давомида «беморнинг оғирини енгил қилиш, унга ёрдамчи бўлиш» шиори унга ҳамроҳ бўлди. Шу туфайли кўплаб беморлар уни наинки ёш ва меҳнаткаш шифокор, балки меҳрибон инсон сифатида яхши таниб қолишди.
Сўнгра Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-сонли оилавий поликлиникада Қизил қум, Ипак йўли, Наврўз, Навбаҳор, Бес тобе, Жайхун каби маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш вазифаси юкланган 30 га яқин шифокорлар қаторига қўшилиб, терапевт шифокор бўлиб ишлади. Бу ерда ҳар бир бемор унинг учун янги синов, янги сабоқ бўлди. Касб ва ҳаёт сабоғини ўзлаштиришда устозлари Рима Авезова, Саӯле Жайбергенова ҳамда Қалхан Узақбергеновалар ёрдам беришди.
– Улар мендан иш жараёнида ўзларининг тажрибалари ва билимларини аямадилар, яқиндан ёрдам беришди, – дейди Рая Султонова. – Ҳозирги вақтга келиб, ўзим ҳам ёш кадрларга билганимни ўргатиб келмоқдаман. Менга топширилган «Наӯқан бағ» ва «Наўбаҳар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги халққа ҳамшира Бийбираба Сайымбетова билан бирга ҳудудда касалликлар тарқалишининг олдини олиш, кекса-нуронийларларнинг, касаллиги бўлган фуқаролар ва ҳомиладор аёлларимизнинг аҳволидан хабар олиш каби вазифаларимизни сидқи дилдан бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз. 2025 йилда поликлиникамиз икки қаватли замонавий янги бино билан таъминланди. Барча хоналар зарур тиббий жиҳоз ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Аҳолини сифатли тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, керакли муолажаларни амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Фуқароларни рўйхатга олиш, касаллик варақаларини расмийлаштириш, беморларни қабулимизга йўналтириш ва навбатни бошқариш каби хизматларимиз тўлиқ электрон тизим орқали амалга оширилмоқда.
Поликлиникамизнинг марказий корпусидан 20 километр узоқликда жойлашган «Бестобе» ва 2-3 километр узоқликда бўлган «Науканбоғ» аҳоли пункти аҳолиси учун 2022 йил поликлиника филиали янги бинолари ишга туширилиб, бугунги кунда аҳолининг узоғини яқинлаштирди. Шунингдек, «Шодли овул» аҳолиси учун тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида 2022 йилдан бошлаб 2 дона контейнер олиб борилиб, у ерда ҳам шифокорларимиз аҳолига хизмат қилиб келмоқда.

Саломатлик инсон ҳаётидаги энг муҳим ва қадр-қимматли бойликдир. Саломатлигимизни асраб-авайлаш, аввало, ўзимизга боғлиқ. Шу билан бирга, соғлигимизда юзага келадиган нуқсонларни бартараф этишда саломатлик посбонлари бўлган тиббиёт ходимларининг ўрни беқиёс. Бу борада улардан қанча миннатдор бўлсак ҳам кам.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси