Шуманайда ишбилармон аёллар сафи кенгаймоқда

ӨзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган “Маҳалладаги ишбилармон аёл” танлови Шуманай туманида юқори савияда ташкил этилди. Мазкур танлов хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллаларда иқтисодий фаолликни янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Танловнинг маҳалла босқичи «Моншақли», «Маденият», «Таза базар», «Сарманбай кўл» ва «Мамий» маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди. Унда ўз меҳнати, ташаббуси ва қатъияти билан маҳалла ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган тадбиркор хотин-қизлар саралаб олинди. Ҳар бир иштирокчининг фаолияти ўрганилиб, уларнинг иш тажрибаси, яратган иш ўринлари ва маҳалла ривожига қўшаётган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, «Моншақли» маҳалласида фаолият юритаётган ҳунарманд Мадина Хожабаева қарийб ўн йилдан буён миллий ҳунармандчиликни ривожлантириб келмоқда. У қўй жунидан кийиз гиламлар, миллий либослар ва оёқ кийимлар тайёрлаб, асрлар давомида шаклланган анъаналарни замонавий услуб билан уйғунлаштирмоқда. Унинг устахонаси нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам қизиқарли масканга айланган. Бу ерда туристлар маҳсулот тайёрлаш жараёнини бевосита кузатиб, миллий ҳунармандчилик сирлари билан танишиш имконига эга бўлмоқда. Эътиборлиси, тадбиркор тайёрлаётган маҳсулотлар хориж бозорларига экспорт қилиниб, миллий брендимизни халқаро миқёсда намоён этмоқда. Шу билан бирга, у ўз тажрибасини ёшларга ўргатиб, кўплаб шогирдлар тайёрламоқда ҳамда маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
«Маденият» маҳалласидаги тадбиркор Марзия Шерманова эса тикувчилик йўналишида ўз брендини шакллантириб, “Marziya Tailor” ательесини йўлга қўйган. У замонавий ва сифатли либослар ишлаб чиқариб, маҳсулотларини ҳудудий бозорларга ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасига экспорт қилмоқда. Айни пайтда у маҳалладаги беш нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаб, уларнинг барқарор даромад топишига шароит яратган. Марзия ўз фаолиятида бозор талабини чуқур ўрганиш, сифат ва замонавий дизайнга устувор аҳамият қаратиш орқали кичик бизнесни барқарор ривожлантиришга эришмоқда. Бу эса маҳаллий брендни мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, танлов доирасида “Таза базар” маҳалласида якка тартибдаги тадбиркор Манзура Режепованинг гўзаллик салони, “Сарманбай кўл” маҳалласида гипсдан декоратив буюмлар ишлаб чиқараётган Шаҳрибону Юсупова ҳамда “Мамий” маҳалласида тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган Гулжамол Жамиеванинг иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Уларнинг ҳар бири ўз йўналиши бўйича маҳаллада янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Танлов якунида муносиб деб топилган ишбилармон аёлларга туман босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар топширилди.
Хулоса қилиб айтганда, бундай ташаббуслар маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар иқтисодий фаоллигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, фаол аёлларни қўллаб-қувватлаш орқали оилалар фаровонлиги ва ҳудуд иқтисодий тараққиёти мустаҳкамланмоқда.
Қарақалпақстан ахборот агентлиги