Болалар мусиқа ва санъат мактабига пресс-тур

Нукус шаҳридаги 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида амалга оширилаётган ишлар ва мактаб ҳаёти билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигидан масъуллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.
Маълумот учун, мактаб 2016 йилда очилган бўлиб, ўзининг ўн йиллик фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб келмоқда. Мактабда 450 нафардан зиёд ўқувчи санъатнинг 11 та йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Уларга 61 нафар ўқитувчи ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда. Мактабда 160 ўринли концерт зали, кутубхона ва 30 та ўқув хонаси мавжуд.
Пресс-тур доирасида мактаб фоесида ташкил этилган ўқувчиларнинг ютуқлари акс этган кўргазма иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг журналистлар мактаб кутубхонаси билан таништирилди. Кутубхона фондида 1 минг 700 та мусиқий адабиёт ва ноталар, адабий асарлар, 350 та электрон китоб жамланган.
Мактаб директори бошчилигида журналистларга мактабдаги йўналишлар бирма-бир таништирилди. Шулардан дастлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари Ҳунармандчилик йўналиши бўйича таълим олаётган ўқувчи-ёшлар билан суҳбатлашди.
– Санъат инсонда ўз қадрини билиш туйғусини шакллантиради. Биз мактабимизга яқин ва узоқ ҳудудлардан келадиган қизларимизга мўнчоқ тўқиш, тўқувчилик, чиқиндига ташланган буюмлардан уй безаклари ясаш бўйича кўникмалар берамиз. Бу уларга ўз турмуш тарзини ўзгартиришга ёрдам беради. Телефонда кўп вақтини ўтказадиган ўқувчи-қизлар бу ерда вақтнинг қадрига етишни ўрганади, – дейди устоз Гулнора Балтабекова. – Ҳунармандчилик бўлимимизда уч йўналиш – тўқимачилик, каштачилик, тикувчилик бўйича 40 нафардан зиёд ўқувчилар ҳунарга ўргатилмоқда. 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган ўқувчилар 5 йил давомида ўқитилиб, битирганидан сўнг уларга гувоҳнома берилади.
Шундан сўнг бахшичилик (жиров), театр бўлими, мусиқа асослари, ҳайкалтарошлик, фортепиано ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитиш жараёни кўздан кечирилди.
– Республикамизда иккита олийгоҳда, ихтисослашган мактаб-интернатда, ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактабларида бахши-жировчилик йўналишида мингдан зиёд ёшлар таълим олмоқда. Мунтазам равишда 30 дан ортиқ жиров ижод қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазирининг матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Гулмира Палванова. – Маданият вазирлиги ҳузурида «Art Qoraqalpog‘iston» нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган бўлиб, ўтган йили сентябрь ойида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида 1 миллиард сўмлик грантини ютиб олди. Айни пайтда ушбу грант маблағлари ҳисобидан Нукус туманида миллий чолғу асбобларини ишлаб чиқарадиган устахона қурилмоқда.
Пресс-тур давомида таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан юртимиз миллий мусиқа ва санъатини дунёга танитиш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу тадбирларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида мактаб жамоаси республика ва халқаро танловларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 22-24 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Open Asia – 2024» халқаро фестивалида мактабнинг «Айқулақ» рақс ансамбли муваффақиятли иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, 2025 йилнинг 7 июнь куни бўлиб ўтган «Золотой кубок Шаҳерезады» халқаро танловининг гран-присига ҳам ушбу мактаб жамоаси муносиб кўрилди. 2025 йилнинг «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган «Ёшлар овози» танловининг республика босқичида мактабнинг «Эстрада» бўлими 1-ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. 2026 йилнинг 8-10 январь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “New Start Tashkent” халқаро фестивали мактаб учун янги ютуқлар йилининг муносиб бошланиши бўлди. Бахшичилик йўналиши бўйича Гулойим Бахитбоева ва Улзода Сарсенбаева 1-ўринни, Дурдона Узоқбоева ва Нилуфар Мамутова 2-ўринни эгаллаб, таълим масканининг нуфузини янада оширди.
Шу билан бирга, очиқ бюджет платформаси орқали ютиб олинган 1 миллиард 160 миллион сўм маблағ ҳисобидан мактабнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Пресс-тур мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури билан якунланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги