“Профессионал тутинган оила”нинг Меҳрибонлик уйларидан фарқи нимада? — Мутахассис жавоб берди
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида янгиланишлар давом этмоқда. Айниқса, зўравонликқа учраган ва хавф остидаги болаларни қўллаб-қувватлаш масаласи устувор вазифага айланди. Шундай шароитда 2026 йилдан татбиқ этилаётган “Профессионал тутинган оила” хизматига болаларни вақтинчалик ва мақсадли тарзда оилавий муҳитда қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион тизим сифатида қаралмоқда.
Хўш, аслида “Профессионал тутинган оила” хизмати нима ва нима сабабдан жорий этилмоқда?
Мазкур тизимнинг бошқа ижтимоий хизматлардан фарқи нимада?
Энг муҳими, болани ўз оиласидан олиб бошқа тутинган оилага беришнинг қандай ижобий томонлари бор?

Шу каби саволлар билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бош мутахассиси Дилноза Ҳусановага юзландик.
—Оила ҳар бир инсон учун чинакам ҳимоя қўрғони ҳисобланади. Мустаҳкам ва хотиржам муҳит яратилган оилаларда камол топган ёш авлод келажакда кучли, билимли ва албатта соғлом бўлиб вояга етади. Афсуски, аксарият болалар турли сабаблар туфайли ўз оиласи бағрида улғайиш бахтидан бебаҳра қолмоқда. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш эса давлатнинг асосий вазифаларидан бири.
“Профессионал тутинган оила” зўравонликка учраган ёки хавф остидаги болаларни мақсадли тарзда оилавий муҳитда қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, болаларнинг руҳий ва ижтимоий ривожланишини таъминлашда янги имкониятлар очади.
Жорий йил 1 февралдан Ўзбекистонда зўравонлик хавфи остидаги болаларни ҳимоя қилишда “Профессионал тутинган оила” хизмати ишга тушди. Бу шунчаки етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уйга қабул қилиш эмас, балки зўравонликдан жабрланган ёки шундай хавф остида бўлган болалар билан ишловчи, махсус тайёргарликдан ўтган профессионаллашган ғамхўрлик шаклидир.
Тизим номзодларни танлаш ва уларни махсус тайёрлашдан бошланади. Ота-онанинг ёши 30–65 да бўлиши, жисмонан соғлом ва судланмаган бўлиши талаб этилади. Улар махсус тайёргарлик курсларидан ўтади ва стресс, депрессия ва қўрқув ҳолатидаги болалар билан ишлаш бўйича касбий кўникмаларга эга бўлади. Кейин оила ва «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ўртасида шартнома тузилади ва марказ боланинг қонуний вакили сифатида доимий мониторинг ва методик ёрдам кўрсатади. Номзодлар ўз хонадонида уч нафаргача болани қабул қилиш учун етарли шароитга эга бўлиши лозим.
Энг муҳими, бу оилалар оддий васийлардан фарқли ўлароқ, махсус тайёрлов курсларида ўқитилади. Ушбу дастур халқаро экспертлар кўмагида ишлаб чиқилган бўлиб, унда ота-оналарга стресс, депрессия ва қўрқув исканжасидаги болалар билан қандай терапевтик мулоқот қилиш, уларнинг руҳиятидаги салбий кечинмаларни нейтраллаштириш каби касбий кўникмалар ўргатилади.
Профессионал тутинган ота-оналар учун ишлаб чиқилган ўқув дастури бошқа шакллардан (масалан, фарзандликка олувчилар учун 72 соатлик курслардан) сезиларли даражада фарқ қилади. Бу дастур Россия, Грузия, Англия ва Америка тажрибалари асосида шакллантирилган.
Бу каби оилаларда ҳар томонлама тажрибага эга профессионал ота-оналар болани нафақат тарбиялайди, балки терапевтик ёндашув орқали руҳий жараёнларини қўллаб-қувватлайди. Улар болага ҳаётий ва маиший кўникмаларни ўргатади. Шунингдек, болани руҳий тушкунликдан чиқариш ва агрессив ҳолатларини юмшатиш ҳам уларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
—Боланинг психологик ҳолати бу тизимда қандай инобатга олинади?
—Боланинг психологик ҳолати тизимнинг марказий бўғини ҳисобланади. 10 ёшдан ошган боланинг фикри инобатга олинади. У ўз оиласига қайтадими ёки бошқа жойлаштириш шакли танланадими, болага қулоқ тутилади. Агар бола ўз биологик ота-онаси томонидан кўрилган зўравонлик сабабли уларнинг олдига қайтишни истамаса, ўзининг келажакдаги ҳаёт андазасини танлаш ҳуқуқига эга ва уни мажбурлаб қайтариш мумкин эмас.
Манбаларда таъкидланишича, йирик муассасалар (Меҳрибонлик уйларида) болалар жамиятдан ажралиб қолган ва муқим ҳиссий боғланиш (она меҳри) йўқлиги сабабли стрессдан чиқиши қийин кечган. Профессионал тутинган оиладаги табиий оилавий муҳит эса болага ўзини хавфсиз ва қадрли ҳис қилиш имконини беради.
—“Профессионал тутинган оила” хизматининг бошқа тизимлардан фарқи нимада?
—Маълумки, ижтимоий хизмат соҳасида бир нечта парвариш шакллари йўлга қўйилган. “Профессионал тутинган оила” хизматида терапевтик ва касбий ёндашув мавжуд бўлиб, болани фақат тарбиялаш билан чекланмай, руҳий жараёнларини ҳам даволайди. Халқаро экспертлар кўмагида стресс ва агрессия ҳолатларидаги болалар билан ишлаш кўникмалари амалиётда қўлланилади, бола доимий оила аъзоси сифатида меҳр ва ишончни ҳис қилади, жамиятга интеграция қилинади.
Меҳрибонлик уйларида тарбиячилар алмашиб тургани сабабли болада кимгадир муқим боғланиш имконияти бўлмайди. Профессионал оилада эса бола аниқ бир инсоннинг меҳрини ҳис қилиб, унга ишонч билдиришни ўрганади.
Профессионал ота-оналарнинг фаолияти давлат томонидан рағбатлантирилади. Бундан ташқари, боланинг яшаши, озиқ-овқати ва кийим-кечаги учун давлат томонидан ҳар ой муттасил равишда моддий таъминот ажратилади. 7 ёшгача бўлган болалар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 баравари миқдорида 7 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар учун БҲМнинг 7 баравари миқдорида маблағ берилади.
Бир нарсани айтиб ўтишим лозимки, “Профессионал тутинган оила“ — бу болани доимий асраб олиш дегани эмас. Бу вақтинчалик ва мақсадли жараён бўлиб, бола оилада бўлган даврда ижтимоий ходимлар унинг биологик ота-онаси билан ҳам иш олиб боради. Агарда биологик ота-онанинг салоҳияти тикланса, бола ўз оиласига қайтарилади. Агар бу хавфли деб топилса, бола бошқа муқобил шаклларга (васийлик, фарзандликка бериш) йўналтирилади.
Тизимда “Оилавий меҳрибонлик уйи” деган тушунча мавжуд эмас. Амалиётда ё давлат тасарруфидаги “Меҳрибонлик уйи” (институционал муассаса) ёки жисмоний шахслар томонидан ўз хонадонида ташкил этилган “Оилавий болалар уйи” мавжуд.
Ўзбекистонда йирик ҳажмдаги давлат тарбия муассасаларига (Меҳрибонлик уйлари) босқичма-босқич барҳам берилмоқда. 2020 йилларда 20 га яқин меҳрибонлик уйи ва 15 та болалар уйи фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб республика бўйича атиги 2 та меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар уйи қолди. Тошкент шаҳри мисолида кўрадиган бўлсак, ўтган 2025 йилнинг бошида пойтахтдаги 22- ва 30-сонли Меҳрибонлик уйларида жами 250 нафарга яқин бола бўлган бўлса, йил якунига келиб уларнинг сони 95 нафарга тушди. Бу болалар ўз оилаларига қайтарилиши ёки оилавий болалар уйларига жойлаштирилиши ҳисобига амалга оширилмоқда.
Давлат муассасаларидан воз кечиш фонида жисмоний шахслар томонидан ташкил этилган оилавий болалар уйлари сони ортиб бормоқда. 2025 йил бошида 225 та оилавий болалар уйи фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 310 тага етди. Бир йил ичида 85 та янги оилавий болалар уйи ташкил этилгани жамиятда болаларни оилавий муҳитда тарбиялашга бўлган қизиқиш ортаётганини кўрсатади. Бу ишларни амалга оширишда асосий эътибор болаларни муассаса “деворлари” орасидан чиқариб, табиий оилавий муҳитга сингдиришга қаратилган.
Бугунги кундаги энг катта янгилик — бу оддий оилавий болалар уйларидан профессионал тутинган оилалар тизимига ўтиш. Оилавий болалар уйларидан фарқли ўлароқ, профессионал оилалар зўравонликдан жабрланган ва руҳий оғир ҳолатдаги болалар билан ишлаш учун махсус тайёргарликдан ўтишмоқда. 2026 йилда ҳар бир ҳудудда камида биттадан бундай профессионал оила яратиш мақсад қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги ҳолат муассасалардан воз кечиш ва болаларни максимал даражада оилавий, хусусан профессионаллашган оилавий муҳитга йўналтириш билан характерланади. Болаларнинг ўзлари ҳам меҳрибонлик уйларидан кўра оилавий шароитда яшашни афзал кўрмоқда, бу эса ислоҳотларнинг тўғри эканини исботлайди.
Бир қарашда Ижтимоий хизмат кўрсатишнинг янги шакли асосли равишда мақсадли ва самарали режалаштирилганини кўриш мумкин.
Муҳайё Тошқораева суҳбатлашди.
ЎзА