Мультфильмлар болаларни яхшиликка етаклаши керак

Болалар учун муносиб контентлар яратишда анимацион фильмлар алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро, мультфильм томоша қилишни ёқтирмайдиган боланинг ўзи топилмаса керак.
Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси ижодий жамоалари томонидан ишланган “Авто саргузаштлар”, “Хасис баққол”, “Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат”, “Тўмарис”, “Широқ афсонаси”, “Темурнинг болалиги”, “Ақлли қизалоқ”, “Эко қаҳрамонлар”, “Қўзичоқ ва Тойчоқ”, “Спитамен ва Искандар”, “Чумчуқвойнинг саргузаштлари” каби анимацион фильмлар юртимиз кинематография соҳасида болалар учун ҳам кўплаб экран асарлари тайёрланиб, кичкинтойларга тақдим этилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси раҳбари Абдулатиф Ҳайдаров билан бугунги кунда юртимизда мультфильмлар ишлаш борасидаги жараёнлар хусусида суҳбатлашдик.
– 2025 йилда «Буюк боболарим болалиги» туркумидан бир қатор анимацион фильмлар яратилди. Уларни яратишда нималарга таяниб иш кўрилди?

– Дарҳақиқат, она-юртимизда вояга етиб, ижод қилган аллома бобокалонларимиз ҳаёти, фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи туркум анимацион фильмлар “Буюк боболарим болалиги” рукни остида яратилиб, ўтган йилнинг декабрь ойида жажжи томошабинларга тақдим этилди. Бу анимацион фильмлар асосан Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси ижодий жамоалари томонидан тайёрланди. Аслида мақсадимиз болалар учун мўлжалланган кўринишда алломаларимизни ёш томошабинларга яқинлаштириш эди. Уни томоша қилар экан, ўғил-қизлар “Буюк аждодларимиз ҳам мен каби оддий бола бўлган эканлар,” деб аста-секин тушуна бошлайди. Фикримча, бунда ота-оналар ҳам боланинг мультфильм мазмунини кичкинтойларга етказишга ёрдам беришлари керак. Айтмоқчи бўлганим, болани қўллаб-қувватлаш, унга алоҳида эътибор қаратиш туфайли у етук шахс бўлиб улғаяди, келажакда эл-юртга нафи тегадиган инсон бўлиб вояга етади. Алишер Навоий, Бобур ва бошқа улуғ сиймолар ҳақидаги анимацион фильмлар яратиш жараёнида алломаларимиз ҳаёти, фаолиятига оид кўплаб тарихий асарларни ўқиб, ўрганиб, кейин ишга киришилди.
– Сир эмаски, болалар бугун гоҳ ойнаижаҳонда, гоҳ смартфонларда, планшетларда соатлаб мультфильмларни томоша қилади. Болаларнинг анимацион фильмларни томоша қилишида муайян гигиеник, ахлоқий-маънавий меъёрлар борми? Юртимизда анимацион фильмларни ишлаш жараёнида бу талабларга риоя этиляптими?

– Аслида ҳар қандай мультфильмни узоқ вақт мобайнида томоша қилиш бола учун зарар. Сабаби, агар болада ўша анимацион фильмга ўта кучли қизиқиш бўлса, ҳаттоки кўзини юмишни ҳам унутиб, экранга тикилиб тураверади. Ҳозирги кундаги энг кўп тарқалаётган касалликлардан бири – аутизм болаларнинг бир нарсага қаттиқ кириб кетиш ва шу орқали фақат ўзи билан ўзи бўлиб қолишидан юзага келмоқда. Узоқ вақт экранга тикилиб қараш, албатта кўз оғриғини келтириб чиқаради. Ва энг асосийси, боланинг эътиборини максимал даражада ўзига тортиб олади. Ўзи умуман, мультфильмларни ота-оналар тавсия қилиши керак.
Мисол учун, маъно-мазмунга эга бўлмаган ёки болаларга ахлоқий-тарбиявий жиҳатдан умуман фойда бермайдиган, фақат вақт ўтказадиган мультфильмлар ҳам жуда кўп. Уларда чиройли тасвирлар ёки қандайдир мусиқалар, бирон хатти-ҳаракат ё тасвир айланаверади-да, лекин бола ундан умуман ҳеч қандай ўзи учун фойдали нарсаларни олмайди. Бундай мультфильмларнинг мақсади узоқ вақт томоша орқали болани экран қаршисида ушлаб туриш. Лекин аслида бола мультфильмдан недир ижобий жиҳатларни, яхшиликларни ўзлаштириши, олиши, ўрганиши керак. Масалан, билим ўргатадиган анимацион фильмлар ёки боланинг маънавий дунёсини бойитадиган мультфильмлар бор.

Анимациянинг асосий ютуғи ҳам – ҳаракатда. Лекин мультфильмда сўзлар ҳам бўлиши керак. Негаки, сўзсиз мультфильмлар боланинг гапиришига монелик қилиши мумкин. Ҳар ҳолда воқелик сўз ва ҳаракат уйғунлигида болага етказилса, айни муддао бўлади. Авваламбор бир эзгу ғояни болага сингдириш учун мультфильмни болаларга ёқимли, ёрқин ранглардаги тасвирлар орқали ва албатта меъёрини олган ҳолда яратиш керак, деб ўйлайман. Ғояни ҳам қизиқарли ҳаракатлар билан кўрсатиш зарур. Бунда болалар психологлари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаш кутилган ижобий натижани беради. Айни пайтда ҳаракатлар тезлигининг ҳам ўз меъёрлари бўлади. Шуларга риоя этишни унутмаслик муҳим. Қанча сонияда кадр алмашишини ҳам инобатга олиш зарур, деб ўйлайман. Сабаби, ҳаракатлар, кадрлар алмашинувида меъёрга риоя этмаслик боланинг миясига кучли таъсир этиши мумкин. Албатта, ассоциация ижодий жамоаларида анимацион фильмлар яратишда айни жиҳатларни инобатга олган ҳолда иш олиб борилади.
– Келгусидаги режалар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Агар «Буюк боболарим болалиги» туркумидаги мультфильмлар Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври алломалари ҳақида яратилган бўлса, эндиликда “Буюк боболарим болалиги” туркумида саркардалар ва жадидлар ҳақида анимацион фильмлар ишлаш таклифини илгари суряпмиз. Яъни, саркардалар ва жадидларнинг болалиги ҳақида тўлиқ метражли анимацион фильм яратишни ният қилганмиз. Шунингдек, Алишер Навоий асарларига оид ҳам анимацион фильмлар суратга олиш ниятимиз бор. Чунки Навоий асарлари, унда ифодаланган воқеалар жуда қизиқарли акс эттирилган. Уларга ортиқча сюжет ёки сўзлар қўшишнинг зарурати ҳам йўқ. Сабаби, Навоий асарлари композицияси, сўзлари жуда гўзал ва бетакрор, бадиияти ғоят юксак.
Бундан ташқари ҳозирда Кинематография агентлиги томонидан танлов эълон қилинган. Яъни, болалар ўртасида турли иллатларнинг олдини олишга қаратилган анимацион фильмлар яратиш бўйича танловга ижодий лойиҳалар тақдим қилинди. Қолаверса, миллий байрамларимиз, уларнинг келиб чиқиш тарихига оид анимацион фильмлар тайёрлашни режалаштирганмиз. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг жамиятга интеграциялашувига оид фильмлар ҳам ишлаш режамиз бор. Айтмоқчи бўлганим, анимацион фильмлар болаларни яхшиликка етаклаши, уларда ижобий фазилатларни шакллантиришга хизмат қилиши керак.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.