Амир Темурнинг буюк ишлари жаҳон назарида

Муносабат
«Буюк соҳибқирон Амир Темур Оқсарой деворига «Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир,» деган ҳикматли сўзларини ёздирганлиги бежиз эмас, албатта. Бу улуғ ғоя инсон қадрини юксак даражага кўтариш бўйича амалий ҳаракатларимизнинг асосига айланди.»
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Истиқлол жаҳон тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга буюк шахсларнинг ҳиссасини муносиб баҳолайди. Дарҳақиқат, уларнинг ижобий фаолияти ёш авлодлар эътиборини катта куч билан ўзига жалб этиши табиий. Тарихда ана шундай буюк шахслардан бири – Муҳаммад Тарағай Баҳодир ўғли Амир Темур ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5-февральдаги ПҚ-46-сонли буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Қарори катта тарихий аҳамиятга эга бўлди. Чунончи, буюк давлат арбоби ва саркарда, Иккинчи Уйғониш даври — Темурийлар Ренессанси бунёдкори Амир Темур миллий давлатчилигимиз ва жаҳон тарихида беқиёс ўрин тутади.
Мустабид тузум томонидан ноҳақ қоралаб келинган бу улуғ зотнинг муборак номи ва хотираси мустақиллик йилларида тарихий адолат асосида қайта тикланди. Соҳибқирон Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келмоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди. Мустақилликнинг ҳар бир байрамида, мустақил Ўзбекистоннинг ҳар бир қадамида буюк шахс руҳи ҳамиша ҳамроҳ.
Амир Темур номи, унинг тарихи халқимизни жипслаштиришда, маданий илдизларимизни чуқур англашда, қудратли келажагимизни барпо этишда янги-янги куч-ғайрат ва шижоат бағишлаб туради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Буюк соҳибқирон Амир Темур биз – авлодларга қолдирган васиятида жуда муҳим бир фикрга алоҳида эътибор бериб, «Эл дардига дармон бўлмоқ – улуғ фазилатингиздир», дея таъкидлагани албатта бежиз эмас. «Улуғ бобомизнинг энг асосий фазилатларидан бири шу бўлганки, у бундан олти аср олдин ҳеч бир мамлакатнинг қўшнилари билан ўзаро яхши алоқалари, манфаатли шериклигисиз ёрқин келажак бўлмаслигини чуқур англаган.
Буюк давлат арбоби, ўрта асрнинг атоқли саркардаси, эл-юрт учун курашган, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва таълим соҳалари юксак даражада ривожланган.
Тарихий манбаларда келтирилишича, соҳибқирон Амир Темур – ёрқин туйғуларга эга, хотира қобилияти юксак, ўткир зеҳнли, бир сўзли, маънавий куч-қудрат соҳиби ва улуғвор шахс сифатида таърифланади.
Бошқа олимлар қатори Европалик олимлар ҳам Амир Темур ва унинг фаолияти ҳақида бундан 500 йил олдин ўз асарларида сўз юритишни бошлаган. Буни 1553 йилда Флоренсиялик итальян олими Петро Перондино де Прато қаламига тегишли «Скифли буюк Тамерлан» номли китобининг нашрдан чиқарилиши исботлайди. Бу ўз навбатида Европада Амир Темур ҳақидаги энг дастлабки илмий тадқиқотлардан бири ҳисобланади.
Европа тилларида (испан, инглиз, француз) эълон қилинган ёзма манбалар ичида испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг «Самарқандда Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403-1406)» машҳур ўринни эгаллайди.
Амир Темур – тарихчилар таърифига кўра ўрта асрнинг машҳур давлат ва ҳарбий арбобларидан бири бўлиб, Европа олимлари ўз асарларида унинг муҳим фазилатларини алоҳида таъкидлаганлар.
Немис олими Фридрих Кристоф Шлоссер ўзининг 1868 йилда нашр этилган «Жаҳон тарихи» I-жилд асарида: «Жаҳонгир, Узоқ Шарқда машҳур ҳуқуқшунос бўлиш билан бирга, ўзида Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни амалда намоён эта олди,» – деб келтирган бўлса, немис олими ва тарихчиси Макс Вебер: «У саркардаликда ва давлатни бошқариш соҳасида алоҳида истеъдодга эга эди,» – деб таърифлайди.
Европаликлар Амир Темурнинг Турк султони Боязид устидан қозонган ғалабасини юксак баҳолаб, XV аср бошида Францияда Амир Темурга бағишлаб ҳайкал ўрнатилади ва унга олтин ҳарфлар билан «Европанинг халоскори» деб ёзиб қўйилади.
Яна XVI асрда яшаган машҳур инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг «Буюк Темур» номли трагедиясида ёш Темурбек ўзининг тенгсиз ақл-заковати ва ғайрати билан жаҳон тарихидаги қудратли подшоҳлардан бирига айланганлиги берилган. Бу трагедия XVII асргача саҳна тўрини бермай, ҳатто Англия театр мавсумларини бошлаб берган.
Шу билан бирга бир неча европалик композиторлар ҳам ўз операларида Амир Темур образини яратганлар. XVII аср бошида итальян композитори Гаспирини «Темур» операсини яратиб, бу опера Вена театрида саҳна юзини кўрди. Бундан илҳомланган композитор Лео уни Неапол театрида саҳналаштиради. Антонио Вивалди, Сколари, Генден ва бошқа композиторлар ҳам бу мавзуда мусиқий асарлар яратганлар.
«Темур тузуклари»ни инглизчадан француз тилига таржима қилиб, 1787 йилда нашр эттирган француз олими Леангле Темур ҳақида шундай фикр билдиради: «Темурхон сиёсий ва ҳарбий тактика ҳақида рисола ёзган ва ўз авлодларига донишмандлик йўлини қолдирган тарихий шахсдир.»
Амир Темурнинг атоқли давлат арбоби, адолатпарвар, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатидаги қиёфаси асрлар оша етиб келди.
Амир Темур маънавий меросининг ўзаги – Самарқанд бўлди. Самарқанд – бу афсонавий тарихий шаҳар, жаҳон меъморчилигининг дурдонаси, инсоннинг теран ақл-заковати ва беқиёс билимининг самарали маҳсулидир.
Шу ўринда Федерико Майор Сарагосанинг (ЮНЕСКО собиқ директори) қуйидаги қимматли фикрларини келтириб ўтиш ўринлидир: «Оламда шундай номлар борки, улар инсонни ўйга толдиради, уларнинг сеҳри ва номларини эшитган пайтингиз ёки ёзувларини кўрганингизда бирдан таъсирлана бошлайсиз. Бизнинг эътиборимизни тортадиган номлар қаторида бир ном бор, у ҳам бўлса Самарқанд. Бу ном баланд саройлари, ёрқин карвонсаройлар гўё энг яхши туйғулар гирдобидан пайдо бўлгандек. Амир Темурнинг Самарқанддаги саройида бўлган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг кундалигини ўқир эканман, Марказий Осиёнинг XIV аср маданияти, меъморчилиги, техник ва илмий топқирлигига, бу маданиятга афсонавий жаҳонгир Амир Темурнинг ижобий таъсирини ҳис қилдим».
Бугунги кунда жаҳонинг 50 дан ортиқ мамлакатларида Темуршунос олимлар илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Бу олимларнинг самарали меҳнати самараси сифатида кўплаб китоблар чоп этилмоқда. Ўтган 690 йил давомида Европа тилларида Амир Темурга бағишлаб ёзилган йирик ҳажмли асарлар сони 500 тага, Шарқ тилларида эса 1000 дан ошганини фахр билан тилга олишимиз мумкин.
Амир Темурнинг Осиё, умуман жаҳон тарихидаги буюк хизматлари ва тўтган ўрни ҳақида хулоса қилиб қуйидагиларни айтиб ўтиш жуда ўринлидир:
– Амир Темур Марказий Осиёни мўғуллар истилосидан озод қилишга барча Ватанпарвар кучларни бир жойга тўплаб, уларни мустақиллик учун курашга сафарбар этган етакчи саркарда, маҳаллий аҳолининг бу соҳадаги орзу-умидлари рўёбга чиқишига катта ҳисса қўшган саркарда;
– Амир Темур кўп йиллар давомида қарам бўлиб, бошқа ҳукмдорларга бўйсуниб келган Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўз юрти халқининг куч-қудратига таянган мустақил ва ягона Ватан барпо эта олди;
– Амир Темур Европа давлатлари тараққиётининг жадаллашувига маълум даражада ўз ҳиссасини қўшиб, Россияни Олтин Ўрда зулмидан, Европани эса турклар ҳавфидан сақлаб қолди;
– Амир Темур ўз сиёсатида маданият, ободонлаштириш, ҳунармандчилик ҳомийси сифатида танилиб, маданий жиҳатдан юксалишга ва туркий тилнинг ривожланишига имкон яратди;
– Амир Темур бир қатор Шарқ мамлакатлари ҳамда Европа давлатлари билан ҳам ижобий дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан ҳар соҳада савдо-сотиқ, маданий алоқаларнинг янада ривожланишига кенг йўл очиб берган буюк тарихий шахсдир.
Ҳулоса ўрнида, бу буюк тарихий шахснинг ёрқин сиймоси, ўтмиши, жасорати, ҳалол ва шижоатли халқимизни бирлаштиришга, меҳр-оқибатли бўлишга ва қудратли келажагимизни қуришда, янги-янги инновацион ғояларни, тарихий кашфиётларни очишда бизга куч-ғайрат ва шижоат бағишлайди.
Саламат Сулайманов,
Қорақалпоқ давлат университети профессори.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги