Техникум ўқитувчилари 200 фоизгача устама олиши мумкин

11

Техникум ўқитувчилари ва ходимларига 200 фоизгача устама тўланади. Ҳукуматнинг 2026 йил 11 февралдаги ВМҚ-51-сон қарори билан халқаро таълим дастурлари жорий этилган техникумлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги тартиби тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ қуйидаги янгиликлар жорий этилди.

100 фоизлик устама:

Халқаро таълим дастурларига жалб қилинган директорлар, бош бухгалтерлар, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ҳар ойлик мажбурий 100 фоизлик устама белгиланди.

Рағбатлантириш жамғармаси:

Техникумларда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 50 фоизи миқдорида махсус рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Натижага қараб мукофот:

Юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлган педагог ходимларга базавий ставкасига нисбатан 200 фоизгача қўшимча рағбатлантириш тўланади.

Техникумларда халқаро таълим дастурларини ўқитишга жалб этилган ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига рағбатлантириш миқдорини белгилаш бўйича техникумда доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳларнинг қарори очиқ овоз бериш орқали ишчи гуруҳлар йиғилишларида иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва ишчи гуруҳлар раҳбарлари томонидан тасдиқланган баённомалар билан расмийлаштирилади.