Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни нишонланди

11-февраль — Халқаро илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни муносабати билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида «Илмли аёл — барқарор жамият сари» мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда филиалда фаолият юритаётган олима аёллар, талаба-қизлар, шунингдек, магистрант ва докторантлар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар илм-фан соҳасининг бугунги ривожланиш тенденциялари, инновацион тадқиқотларни кенгайтириш, илмий изланишлар самарадорлигини ошириш ҳамда ёшларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) А.Камалова сўзга чиқиб, илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрни ва улар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда илм-фан соҳасида аёлларнинг ҳиссаси беқиёс. Улар нафақат амалиётда, балки илмий тадқиқотларда ҳам ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Айниқса ёш қизларга илмий фаолиятга эркин кириш, ўз орзуларига эришиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Филиалда ҳам илм билан шуғулланаётган хотин-қизлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Илмий даражага эга аёл ўқитувчиларнинг сафи кенгайиб, уларнинг илмий тадқиқотлардаги фаол иштироки ҳам сезиларли равишда ошмоқда.
Тадбир жараёнида филиалда фаолият юритаётган олима аёллар ҳамда талаба-қизлар ўртасида илмий ишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Олима аёллар ўзларининг илмий йўллари, изланиш жараёнидаги қийинчиликлар ва эришилган ютуқлари ҳақида сўзлаб, ёшларга кучли мотивация бағишладилар. Талаба-қизлар эса илм-фан соҳасида ўз ўрнини топиш, инновацион лойиҳаларда иштирок этиш ва устозлар тажрибасидан самарали фойдаланиш борасида қимматли тавсияларга эга бўлдилар.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги