Ўзбекистон божхонаси халқаро рақамли трансформация марказига айланиши мумкин

10

Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов бошчилигидаги делегация Женевада муҳим форумларда иштирок этиш билан бир қаторда икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказмоқда.

Жумладан, БМТ Европа иқтисодий комиссияси раҳбари Татьяна Молчан билан учрашув бўлиб ўтди.

БМТнинг беш минтақавий комиссиясидан бири ҳисобланувчи ушбу тузилмага 56 та давлат аъзо бўлиб, улар қаторига Европа, Марказий Осиё ва Шимолий Америка мамлакатлари киради.

Бугунги кунда Ўзбекистон Европа иқтисодий комиссияси билан БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури — “SPECA” доирасида савдо ва транспорт тизимларини соддалаштириш йўналишида фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Дастур доирасида иштирокчи давлатларда eTIR тизимини жорий этиш, халқаро етказиб бериш занжирларида “UN/CEFACT” стандартларини қўллаш ҳамда транспорт юк хатларидан электрон шаклда фойдаланиш назарда тутилган.

Дунёда биринчи бўлиб eTIR қўллаган ҳолда илк ташувни муваффақиятли амалга оширган мамлакат сифатида Ўзбекистон томони учрашувда бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги Божхона институти базасида нафақат eTIR, балки БМТнинг бошқа рақамли воситаларига ўтишга бағишланган ўқув курсларини ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг давлат ва хусусий сектор вакиллари учун БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти ва Жаҳон божхона ташкилоти экспертларини жалб этган ҳолда қўшма таълим дастурини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.

Ўз ўрнида, мазкур ташаббус Молчан хоним томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда Европа комиссиясининг Халқаро савдо маркази “Learning Portal” таълимий ахборот тизимини Божхона институти таълим дастурлари билан интеграция қилиш таклифи билдирилди.

Бу эса ташқи савдо соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг тайёргарлик даражаси ва хабардорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Шу мақсадда Божхона қўмитаси ва Европа иқтисодий комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, Ўзбекистон божхона органларининг трансчегаравий савдо билан боғлиқ ахборот тизимларини “UN/CEFACT” стандартлари ва тавсияларига мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорлик “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бу ташаббуслар минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, шунингдек, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва тезлаштиришга хизмат қилади.

Учрашувда 2025 йилда Ўзбекистон божхона органларида гендер тенглигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро даражада эътироф этилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Божхона қўмитаси БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Гендер тенглиги кумуш белгиси билан тақдирланди.

Ушбу ютуқ институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, кадрлар сиёсатини ривожлантириш ҳамда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган ислоҳотларнинг самарадорлигини амалда тасдиқлайди.

Томонлар Ўзбекистон божхона органларида гендер тенглигини тарғиб қилиш бўйича халқаро шериклар билан қўшма ишлар давом эттирилишини қайд этди.

Ш.Маматуропова, ЎзА