Украина президентлик сайловлари ва референдум ўтказишга ҳозирланмоқда

Украина президентлик сайловларини Россия билан эҳтимолий тинчлик келишуви бўйича умумхалқ референдуми билан бирга ўтказиш ниятида, деб ёзмоқда “Синьхуа” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, Трамп маъмурияти иккала овоз бериш ҳам 15 майгача ўтказилишини талаб қилмоқда, агарушбу талаб бажарилмаса, Украина АҚШ томонидан тақдим этиладиган хавфсизлик кафолатларидан маҳрум бўлиши мумкин.
Ўлкада сайловлар ўтказилиши маъқулланса, Украина парламенти уруш шароитида овоз беришга рухсат берувчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритади. Айни пайт мамлакат ҳарбий ҳолатда, бундай вазиятда республика қонунчилигига кўра, миллий сайловларни ўтказиш тақиқланади.
Хабарларга кўра, Зеленский сайлов ва референдум режаларини февраль ойи охирларида эълон қилмоқчи.
Маълумки, яқинда Абу-Даби шаҳрида АҚШ воситачилигида РФ ва Украина ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди якунланди. Унда иккала томон ҳам кенг кўламли асирлар алмашинувига келишиб олишди, аммо ҳудудий келишувлар ва ўт очишни тўхтатиш каби асосий масалалар ҳамон очиқлигича қолмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА