Қорақалпоғистонда спорт ривожи янги босқичда

36

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан республикамизда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бориши билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда спорт соҳаси мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Еркинбай Қутибаев сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида спорт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлашни айтиб ўтиб, бунинг натижасида, Ўзбекистон, шу жумладан қорақалпоғистонлик спортчиларнинг Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қўлга киритаётган ютуқларига фахр билан тўхталиб ўтди.

– Сўнгги йилларда республикамизга кириб келган қиличбозлик спортининг ўзида республикамиз вакиллари халқаро мусобақаларда қанчадан-қанча юқори пробадаги медалларни олиб келди, – деди вазир ўз сўзида. – Албатта, бу натижаларнинг барчаси бежиз бўлаётгани йўқ. Бунда, энг аввало, юртимизда болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланишига қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган қулай шароит, мураббийлар меҳнатининг муносиб баҳоланиши алоҳида ўрин тутмоқда. Бунинг учун ҳурматли Президентимизга ва республикамиз раҳбариятига катта раҳмат айтамиз.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан соҳа раҳбарларига бугунги кунда спорт мухлисларини қизиқтириб келаётган бир қатор саволлар берилиб, уларга тегишли жавоблар олинди. – Илгари миллионлар ўйини бўлган, ҳозир миллиардлар ўйинига айланган футболга қизиқиш республикамизда жуда юқори, – дейди Е.Қутибоев. – Болалар футболига қаратилаётган эътибор натижасида, бугунги кунда Муҳаммадали Реймов, Баҳодир Избасқанов, Азиз Еримбетов, Нурбек Сарсенбаев, Самандар Муратбаев каби ёшларимиз мамлакатимизнинг етакчи клублари билан бирга, ёшлар ва олимпия терма жамоаларида Муваффақиятли ўйнамоқда. Жумладан, Самандар Муратбаевнинг миллий терма жамоа таркибига чақирилиши бизларга алоҳида қувонч бағишлайди. Шу билан бирга, Нукуснинг «Орол» жамоасини бу йилги йили Супер-лигага чиқариш мақсадида, чет эллардан моҳир футболчилар чақирилиб, унинг таркиби кучайтирилмоқда. Жамоамиз ўз ўйинини ўтказадиган «Турон» стадиони замон талабларига мос қурилмоқда ва у яқин ойлар ичида, халқ фаровонлигига топширилади. Ўтган йил охирида республикамизда мини футболни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган «Орол» клуби эса, бугунги кунда футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг биринчи лигасида ўйнаб, ҳозирги вақтда 2-ўринни эгаллаб келмоқда. Насиб этса, бу йилги йили «Орол» футбол клуби Супер-лигага қайтиб, ўз мухлисларини қувончга тўлдиради деб ният қилмоқдамиз.

Шунингдек, енгил атлетика бўйича ҳам Россиядан, сузиш спортидан, бокс бўйича бошқа ёқлардан кучли ва тажрибали мураббийлар республикамизга таклиф этилди.

Матбуот анжуманидан сўнг соҳа раҳбарлари, журналистларни Нукус шаҳрида очилган Республика Гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази ва «Кураш маҳорати» спорт мактабига олиб бориб, у ерда мураббийлар ва тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

– 18 йилдан буён гимнастика бўйича болаларга спорт гимнастикаси сирларини ўргатиб келмоқдаман, – дейди Улуғбек Адилбеков. – Республикамиз ёшларининг гимнастикага қизиқиши юқори. Машғулотлар икки маҳалда олиб борилмоқда. Шундай қулай шароитларни яратиб бергани учун Президентимизга катта раҳмат айтамиз.

Болаларнинг спорт гимнастикаси, трамполин ва бадиий гимнастика бўйича шуғулланишларига барча қулай шароитлар яратиб берилган ушбу марказда ҳозирги вақтда республикамизнинг энг кучли гимнастикачилари таълим олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги «2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-404-сонли қарори асосида қуриб битказилган «Кураш маҳорати» спорт мактаби ҳам шундай замонавий ўқув масканларидан биридир.

– 2025-2026-ўқув йили учун белгиланган йиллик квота 130 нафар ўқувчи бўлиб, айни пайтда 110 нафар ўқувчи қабул қилинди ва шундан 90 нафар ўқувчи 55-сонли мактабга ўқишга жойлаштирилди, – дейди мазкур мактаб методисти Жамшид Тўрабоев. – Спорт мактабимизда ёш спортчиларнинг эркин кураш, аёллар кураши ва миллий кураш турлари бўйича тажрибали мураббийлар билан икки маҳал машғулотлар олиб борилмоқда. Ўқувчиларимиз ётоқхона, беш маҳал овқат, тиббий хизмат, кутубхона ва бошқа қулайликлар билан тўлиқ таъминланган.

– Миллий курашга қизиққаним боис, Қўнғирот туманидан келиб шу мактабда ўқияпман, – дейди Зарина Хўжабоева. – Бу ерда биз учун барча қулай шароитлар яратилган. Спорт залларимиз, ётоқхонамиз, ошхонамиз иссиқ. Ҳамширалар ҳар куни соғлиғимизни назорат қилиб боради. Бундай шароитларни яратгани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдираман. Келгусида Осиё ва жаҳон чемпиони бўлишга ҳаракат қиламан.

Республикамиз болаларига яратилаётган бундай қулайликлар ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни олдинга интилтирмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси