Реимбурсация дастурига бағишланган матбуот анжумани

Юртимизда давлат тиббий суғуртаси тизимини босқичма-босқич жорий этиш доирасида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Реимбурсация дастурини амалга оширмоқда. Дастур 2022 йилда бошланган бўлиб, ҳудудларда босқичма-босқич кенгайтирилмоқда.
Маълумот учун айтиш жоизки, Реимбурсация дастури орқали сурункали касалликларга чалинган беморларга оилавий шифокор томонидан ёзилган электрон рецепт асосида дори воситалари бепул берилади.
Айни пайтда дастурга артериал гипертония, юрак ишемик, қандли диабетнинг 2-тури, қандсиз диабет, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив ва меъда-ичак тизими хасталиклари каби 12 та касаллик гуруҳи киритилган. Бу касалликлар учун 28 турдаги дори воситалари амбулатор даволанишда бепул тақдим этилади.
Пойтахтимизда ўтказилган “Реимбурсация дастури: давлат тиббий суғуртаси орқали аҳолига берилаётган дори воситалари” мавзусидаги матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, ҳозиргача Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Самарқанд, Навоий, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида Реимбурсация дастури тўлиқ жорий этилди.
Унинг доирасида сурункали касалликларга чалинган беморларга оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида 28 турдаги дори воситалари амбулатор даволаниш учун бепул тақдим этилмоқда. Дори харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб бериляпти.
2025 йил якунига кўра, Реимбурсация дастури доирасида 1 миллион 314 минг нафар бемор дори воситалари билан таъминланди. Жорий йилда ушбу механизм мамлакатимизнинг қолган ҳудудларида ҳам тўлиқ йўлга қўйилиши белгиланган.
Анжуманда масъуллар Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов ҳудудида амалиётга киритилган “Электрон рецепт” тизими билан Реимбурсация дастури асосидаги электрон рецептни адаштирмаслик кераклигини таъкидлади.
Реимбурсация дастурида электрон рецепт асосида диспансер назоратида турувчи беморларга дори воситалари бепул берилади. “Электрон рецепт” тизимида эса бемор дори воситасини сотиб олади.
Қайд этилганидек, Реимбурсация дастури аҳолини сифатли ва кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш, сурункали касалликлар асоратларини камайтириш ҳамда тиббий хизматлар шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тўлиқ жавоб олди.
Моҳигул ҚОСИМОВА,
ЎзА мухбири