Хориж хабарлари: Мигрантлар оиласи учун Россияда янги тартиб (+видео)

23

Бугунги «Хориж хабарлари» дастурида дунёдаги энг долзарб воқеаларни бир жойга жамладик. Эрон ядровий келишув бўйича санкциялар бекор қилинса, уран захираларини қисқартиришга тайёрлигини билдирди. Ливия қирғоқларида мигрантлар қайиғи ҳалокатга учраб, ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди. Жанубий Кореяда демографик муаммоларни ҳал қилиш бўйича баҳсли таклиф жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Россияда меҳнат мигрантларига нисбатан янги чекловлар режалаштирилмоқда. Кубада ёнилғи танқислиги сабаб авиапарвозлар издан чиқди. Чеченистонда тарқалган фейк хабарлар муҳокамаси ва Туркиянинг ядровий хавф ҳақидаги огоҳлантириши — барчаси ушбу видеода.

Эрон халқаро санкциялар бекор қилинса, юқори даражада бойитилган уран захираларини қисқартиришга тайёр эканини маълум қилди. Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Исломийнинг таъкидлашича, 60 фоизгача бойитилган уран миқдорини камайтириш фақат барча чекловлар олиб ташланган тақдирдагина мумкин. MAGATE ҳисоботига кўра эса, мавжуд захиралар 90 фоизга етказилса, тўққизта ядровий қурол яратиш учун етарли бўлади. Ғарб давлатлари бу ҳолатни хавотир билан кузатмоқда, томонлар эса музокараларни давом эттиришга келишиб олган.

Ливия қирғоқлари яқинида мигрантлар бўлган резина қайиқ ағдарилиб, 53 нафар инсон ҳалок бўлди. Қайиқда жами 55 киши бўлган бўлиб, фақат икки нафар аёл омон қолган. Унда Африканинг турли давлатларидан чиққан қочқинлар ва мигрантлар Европага етиб боришга уринаётган эди. БМТ маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан буён Ўрта ер денгизи орқали ўтиш пайтида юзлаб инсонлар ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.

Жанубий Кореяда эса туғилиш даражасини ошириш мақсадида хорижлик аёлларни жалб қилиш таклифи катта баҳсларга сабаб бўлди. Жиндо округи раҳбари ёш аёлларни Вьетнам ёки Шри-Ланкадан олиб келиб, қишлоқ ҳудудларидаги эркакларга турмушга беришни таклиф этган. Бу баёнот жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиб, дипломатик эътирозлардан сўнг расмийлар узр сўрашга мажбур бўлди.

Россия ҳукумати меҳнат мигрантларининг оила аъзоларини мамлакатга олиб келиш тартибини кескинлаштиришни режалаштирмоқда. Янги қонун лойиҳасига кўра, ҳар бир оила аъзоси учун етарли даромад мавжудлиги тасдиқланиши, шунингдек болалар учун солиқ тўловлари амалга оширилиши талаб қилинади. Белгиланган меъёрларга риоя қилинмаган ҳолларда мигрантларнинг яшаш рухсатномалари бекор қилиниши мумкин.

Кубада авиация ёнилғиси танқислиги парвозлар жадвалига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Гавана аэропортида хорижий авиакомпанияларга вақтинча ёнилғи қуйиш тўхтатилган. Айрим рейслар бекор қилинган бўлиб, минглаб сайёҳлар оролда қолиб кетган. Расмийлар инқироз АҚШ томонидан жорий этилган янги босим чоралари билан боғлиқ эканини билдирмоқда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўғли билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида тарқалган хабарларни инкор қилди. У бу маълумотларни фейк деб атаб, сунъий интеллект орқали ёлғон ахборот тарқатиш осонлашиб бораётганини таъкидлади ҳамда кибержиноятларга қарши кураш кучайтирилишини маълум қилди.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан эса минтақада ядровий қуролга эга давлатлар сони ортиб борса, Анқара ҳам бундай пойгада иштирок этишга мажбур қолиши мумкинлигини билдирди. У айрим мамлакатларнинг ядровий имкониятларни оширишга уриниши бутун ҳудуд учун жиддий хавф туғдиришини қайд этди.

Нозимбек Мардонов, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА