Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ташкил этилади

20

Ўзбекистонда радиоактив чиқиндилар билан хавфсиз ва самарали ишлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада ягона давлат хизматини йўлга қўйиш мақсадида 2026 йил 9 февралда Ҳукуматнинг “Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Ядро физикаси институти ҳузурида фаолият юритиб келган Республика радиоактив чиқиндиларни кўмиш пункти негизида Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ташкил этилади.

Марказ республика ҳудудидаги радиоактив чиқиндиларни махсус автотранспорт воситаларида ташиш, қабул қилиш, саралаш ҳамда уларни узоқ муддатли хавфсиз сақлаш бўйича ягона давлат муассасаси сифатида белгиланди.

Ҳукумат қарорида Марказнинг асосий вазифалари аниқ белгилаб берилди. Жумладан, республикада ишлаб чиқарилган ёки олиб кирилган, ишлаш муддати тугаган ёхуд ишдан чиққан радиоактив манбалар билан ишлаш жараёнида ҳосил бўлган радиоактив чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва узоқ муддатли сақлаш назарда тутилган.

Шунингдек, радиоактив чиқиндилар билан муомала қилишнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш, соҳада рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда тегишли давлат органлари билан самарали ахборот алмашинувини таъминлаш Марказнинг муҳим вазифалари қаторига киради.

Қарор радиоактив чиқиндилар билан муомала қилиш соҳасида хавфсизликни ошириш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА