Педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантиришда ҳамкорликнинг аҳамияти кенгаймоқда

10

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнология университетининг Нукус филиалида Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган медиа-режа асосида «Ўқитувчилар салоҳиятини ошириш» мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда филиал раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда филиалда амалга оширилаётган ишлар ҳамда педагогларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг нуфузли олий таълим муассасалари билан тузилган шартномалар асосида филиалга жалб этилган юқори малакали ўқитувчилар дарс жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Бу жараён талабаларнинг билим кўламини кенгайтириш ва педагогларнинг салоҳиятини оширишда муҳим қадамдир.

Филиал ўқитувчиларининг ушбу олий ўқув юртларига бориб, илмий ва касбий тажриба орттириб қайтгани ҳам алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, Хитой, Россия ва Туркиянинг таниқли профессорлари ҳам онлайн маърузалар орқали талабаларга дарс ўтмоқда. Булар педагоглар ва талабалар учун фикр алмашиш имкониятини кенгайтириб, таълимда шаффофликни таъминламоқда.

Бундай тадбирлар филиалда билим ва тажриба алмашиш, педагоглар салоҳиятини ошириш ҳамда талабаларни замонавий ва халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги