Тажрибали мураббийлар томонидан семинар ўтказилди

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда филиал профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун илмий-амалий семинар ташкил этди.
Семинарни филиал директори, профессор Байрамбай Эримбетов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Унда Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Низомжон Тўхтабоев Президент олимпиадаси, халқаро спорт мусобақалари, олимпия ва паралимпия ўйинлари, Жаҳон чемпионати ва кубоги, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида спортчиларнинг иштироки бўйича кўрсатма ва тавсияларини берди.

Шундан сўнг Россия Федерациясидан келган «Россияда хизмат кўрсатган мураббий» Николай Колодко енгил атлетиканинг ядро улоқтириш турларини ривожлантириш бўйича замонавий методикалари ҳақида, «Россияда хизмат кўрсатган мураббий,» халқаро даражадаги спорт устаси Сергей Дементев енгил атлетиканинг қисқа масофага югуриш турларини ривожлантиришнинг замонавий усуллари деган мавзуда маъруза қилди.
Ўтказилган илмий-амалий семинар ўзининг долзарблиги билан иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси