Эронда етакчи сиёсий ислоҳотчилар ҳибсга олинди (+видео)
Эрон ҳукумати етакчи сиёсий ислоҳотчиларни ҳибсга олмоқда.
Бу АҚШ билан ядровий музокаралар қайта тикланаётган, шунингдек АҚШ ва Исроил томонидан ҳарбий таҳдидлар кучайган бир пайтда юз бермоқда, деб хабар берди Euronews.
Эрон расмийлари мамлакатдаги ислоҳот талаб сиёсий ҳаракатнинг юқори лавозимли вакилларини қўлга олди. Оммавий ахборот воситалари келтирган маълумотларга кўра, хавфсизлик кучлари камида тўрт нафар машҳур ислоҳотчини ҳибсга олган. Бу ҳибслар кўчадаги норозиларни таъқиб қилишдан ташқари, энди таниқли сиёсий арбобларни нишонга олишга ўтилганини билдиради.
Қўлга олинганлар орасида бир неча ислоҳотчи гуруҳларни бирлаштирувчи Ислоҳотчилар фронти раҳбари Озар Мансурий ва дипломат Муҳсин Аминзода ҳам бор.
Шунингдек, 1979 йилда талабалар томонидан АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасининг босиб олинишига бошчилик қилган Иброҳим Аскарзода ҳам қўлга олинган. Бу ҳибсларни 86 ёшли Оятуллоҳ Али Ҳумонаийни истеъфога чиқишга чақирган баёнот билан боғлиқ дейишмоқда.
Маълум бўлишича, Теҳрон прокуратураси тўрт нафар шахс ҳибсга олинганини маълум қилган, яна бошқалар сўроққа чақирилган. Прокуратура уларни АҚШ ва Исроил томонидан ҳарбий таҳдидлар кучайган пайтда мамлакатда беқарорлик келтириб чиқаришга уринишда айбламоқда.
Нобель тинчлик мукофоти соҳиби, ҳозирда қамоқда бўлган Наргиз Муҳаммадийга етти йилдан ортиқ қўшимча қамоқ жазоси берилди. Бу ҳокимиятнинг намойишлар бостирилишини танқид қилувчиларни бутунлай жим бўлишга мажбурлаш ниятида эканини кўрсатади.
Қаттиқ босимлар намойишлардан кейин кучайган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Эрон ичидаги манбаларга кўра, намойишлар бостирилиши натижасида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган дейилади, аммо аниқ рақамлар ҳануз баҳсли. Ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган.
Бу ҳибслар Теҳрон ва Вашингтон ўртасида дипломатик алоқалар қайта жонланаётган бир пайтга тўғри келди. Ўтган ҳафта икки давлат Оманда ядровий музокаралар ўтказди.
Якшанба куни Теҳрондаги дипломатик йиғилишда сўзга чиққан ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий Эрон ҳукумати уранни бойитиш ҳуқуқи бўйича ўз позициясидан қайтмаслигини билдирди. Бу масала АҚШ президенти билан асосий келишмовчилик нуқталаридан бири бўлиб, Трамп мабодо музокаралар барбод бўлса, ҳарбий чоралар билан таҳдид қилган.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳам шу ҳафта Вашингтонга ташриф буюриши кутилмоқда. У ерда ўтказиладиган музокаралар асосан Эрон масаласига бағишланиши режа қилинган.
Вашингтон Теҳронга босим ўтказиш ва зарурат туғилса ҳарбий зарба бериш имкониятини сақлаб қолиш мақсадида денгиз ҳамда ҳаво кучларини Яқин Шарққа жойлаштирди.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА