Маск Марсдан кўра Ойни устун кўрмоқда

14

Америкалик миллиардер Илон Маск кутилмаган баёнот билан чиқди. “SpaceX” энди асосий эътиборни Марсга эмас, балки Ойда “кенгайиб борадиган шаҳар” барпо этишга қаратади. Унинг айтишича, бундай лойиҳа 10 йилдан камроқ вақт ичида амалга ошиши мумкин.

– Марсдаги шаҳар орзуси бекор қилингани йўқ. У 5–7 йил ичида қайта бошланиши мумкин. Ҳозирча устувор вазифа бошқача: цивилизация келажагини кафолатлаш учун Ой тезроқ ва реалроқ, – дея ёзди Маск “Х” платформасида.

Компания 2027 йил мартида учувчисиз учоқ орқали Ойга қўнишни нишонга олган. Бу бурилиш фонида АҚШ ва Хитой ўртасидаги Ой “пойгаси” ҳам кескинлашмоқда. Инсоният 1972 йилдаги “Apollo 17” миссиясидан бери Ойга етарлича сафар қилгани йўқ. “SpaceX”нинг ушбу мақсади Вашингтон учун стратегик аҳамият касб этмоқда.

Қизиқ жиҳати, Маск яқинда ўзи раҳбарлик қилаётган “xAI”ни “SpaceX” билан бирлаштирганини эълон қилди. Бу қадам космосда энергия тежовчи маълумот марказлари қуриш режалари билан изоҳланмоқда.

Маск шунингдек, бошқа бизнесларини ҳам қайта кўриб чиқмоқда: “Tesla” бу йил 20 миллиард долларни “Optimus” роботларига йўналтиради, бунинг учун Калифорниядаги заводда икки модель ишлаб чиқарилиши тўхтатилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА