ФАКТЧЕКИНГ: Қаровсиз қолган ҳайвонларга масъул хизмат мавжуд

42

Ижтимоий тармоқларда “Yoshlar” телеканалининг “Rostini ayting” ток-шоусидан қисқартириб олинган лавҳада кўрсатув иштирокчиси томонидан эгасиз уй ҳайвонларини тутиш, сақлаш ва улар учун приютлар ташкил этиш ишларига Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси масъул эканлиги таъкидланган.

ЎзА мухбири ушбу хабарни факт-чекинг, яъни тўлиқ тафтиш қилиш учун қўмита мутасаддилари билан боғланди. Ва мавжуд меъёрий ҳужжатларни ўрганиб чиқди. Меъёрий ҳужжатларга кўра, мамлакатимизда қаровсиз қолган ва дайди ҳайвонларни назорат қилиш ва улар билан бевосита ишлаш бўйича масъул давлат органи мавжуд.

Яъни, Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қаровсиз қолган ёки дайди ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини олиб бориш учун шаҳар ва туман ҳокимликлари ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ташкил этилган.

Қарорга кўра, қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари эгасиз ит, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни тутишни ташкил этади, шунингдек уларни вақтинча сақлаш учун махсус жойлар барпо этади.

Ҳайвонлар қутурган тақдирда тегишли ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари билан биргаликда иш олиб боради.

Шу билан бирга ўлган ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя этган ҳолда зарарсизлантириш ишлари шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларининг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Хамроз Баянов, ЎзА