Адолат – инсон зийнати: Навоий ва Бобур мероси бугунги суд тизими нигоҳида

46

Февраль ойи халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Чунки 9 февраль куни буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий, 14 февраль куни эса подшоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган.

Ушбу сана муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий судида маънавий-маърифий соат ташкил этилди. Унда судьялар, суд аппарати ходимлари, олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди раиси М.Ешимбетов очди ва буюк аждодларимизнинг бетакрор ижоди, улар яратган асарлар орадан асрлар ўтишига қарамасдан бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бебаҳо маънавий мерос эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, уларнинг адолат, ҳалоллик, инсонпарварлик ва қонун устуворлигига оид ғоялари замонавий суд тизими фаолияти учун муҳим беқиёс маънавий қўлланма бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Латофат Тожибоева маъруза қилиб, Навоий ва Бобур меросининг адолат, ҳалоллик ва инсонпарварлик ғоялари билан нақадар бой эканлигини уларнинг асарларидаги мазмунли мисоллар орқали ёритиб берди.

Таъкидланганидек, Алишер Навоий «Адолат билан олам обод» деган ғояни илгари суриб, адолатни жамият тараққиётининг энг асосий шарти сифатида кўрган. Унинг асарларида раҳбар шахс ҳалол, виждонли ва халқ дардига бефарқ бўлмаслиги кераклиги қайта-қайта таъкидланади. Навоий учун адолат – фақат ҳуқуқий тушунча эмас, балки инсон зийнати, маънавий поклик мезонидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ўзининг «Бобурнома» асарида адолатли бошқарув, ҳақиқат ва инсоф ҳақида чуқур фикрлар билдирган. У зулмни қоралаб, давлатнинг мустаҳкам куч-қудрати адолатга боғлиқ эканини таъкидлайди. Бобур қарашларида инсон шаъни ва қадр-қимматини сақлаш – ҳар қандай ҳукмнинг асосий ўлчови сифатида кўзга ташланади.

Тадбир давомида иштирокчилар буюк аждодларимиз меросидаги ҳуқуқий ва ахлоқий ёндашувлар бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлади. Замонавий суд тизимининг асосий мақсади ҳам – қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолат муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Қизғин савол-жавоб ва фикр-мулоҳазалар билан давом этган тадбирда иштирокчилар томонидан адолат ва ҳалоллик тамойиллари судья ва суд ходимлари фаолиятида энг асосий мезон ва қадрият экани таъкидланди.

Мухтасар айтганда, бундай маърифий тадбирлар нафақат тарихий меросимизни чуқур англаш, балки ҳар бир ходимнинг касбий масъулияти ва маънавий ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зеро, адолат – бу нафақат суд қарорларида, балки аввало инсон қалбида шаклланади. Навоий ва Бобурнинг мероси эса ана шу адолатли қалбни тарбиялайдиган ҳақиқий маънавиятдир.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси