Ҳужжатсиз уйларга ҳуқуқий ечим (+видео)
Ўзбекистонда ҳужжатсиз ер участкалари ва уй-жойларни қонунийлаштириш, мулк ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича кенг кўламли хатлов ишлари давом этмоқда. Амнистия эълон қилинган қонун доирасида ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар, шунингдек, ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган уй-жойларга нисбатан ҳуқуқий ечимлар белгиланмоқда.
Мазкур жараён фуқаролар орасида қатор саволларни кун тартибига чиқарди. Хусусан, ортиқча ер майдони мавжуд бўлган ҳолатлар, ҳужжатлар йўқолган ёки умуман расмийлаштирилмаган мулкларга нисбатан ҳуқуқларни тиклаш, шунингдек, қўшнилар ўртасидаги ер чегараларини белгилаш масалалари аҳолини қизиқтирмоқда.
Шу ва бошқа долзарб саволларга жавоб олиш мақсадида Кадастр агентлиги бош мутахассиси Бекзод Отабеков билан суҳбат ташкил этилди.
— Қонун доирасида қайси ҳолатларда ер участкаларига ҳуқуқ эътироф этилади?
— Қонунга мувофиқ, агар ҳудудларда 1998 йил 1 июлгача ер участкалари чегаралари эгаллаб олингани аниқланса, 24 сотихгача бўлган ерларга ҳуқуқ эътироф этилиши мумкин. Шунингдек, 2018 йил 1 майгача ер участкалари чегаралари эгаллаб олинган бўлса, Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 12 сотихгача, туманларда эса 6 сотихгача ер майдонларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш кўзда тутилган.
— Ҳужжатсиз уйда яшаётганлар ўз мулкини қонунийлаштира оладими?
— Ҳа, бугунги кунда бундай имконият мавжуд. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги ЎРҚ–937-сон Қонун қабул қилинган. Ушбу қонуннинг 1-моддасида назарда тутилган ҳолатлар ва тоифалар бўйича ер участкалари ва бино-иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
— Ортиқча ери бор фуқаролар ердан айрилиб қолмайдими?
— Йўқ. Агар ҳуқуқ эътироф этилган ер участкасидан ортиқча ер майдони аниқланса, қонуннинг 12-моддасига асосан ушбу ортиқча қисм деҳқон ёки томорқа хўжалиги сифатида ижара ҳуқуқи асосида расмийлаштирилади. Бу фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норма ҳисобланади.
— Қўшнилар ўртасидаги чегара ким томонидан ва қандай белгиланади?
— Ер кодексининг 30–31-моддаларига мувофиқ, ер участкасининг ўзлаштирилганлиги аниқланиши лозим. Агар жойида девор, панжара ёки сим тўсиқ бўлмаса, хатлов вақтида кадастр мутахассиси қўшниларнинг иштирокида ўлчов ишларини олиб боради. Қўшнилар ўзаро келишув асосида чегара далолатномасига имзо қўяди ва у маҳалла томонидан тасдиқланади. Шу тарзда низоларнинг олди олинади.
Ер участкалари ўртасидаги чегаралар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади. Агар чегаранинг расмий ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолати мавжуд бўлмаса, мулк эгаси қўшнилар билан келишган ҳолда чегарани белгилайди. Кейинчалик кадастр органлари томонидан ушбу ер участкаси хатловдан ўтказилиб, йиғмажилд шакллантирилади.
— Амнистия кимларга татбиқ этилади?
— Қонун Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига тааллуқли бўлиб, ундан қонун талабларига жавоб берадиган барча шахслар фойдаланиши мумкин. Ҳозирга қадар республика бўйича 9 мингдан ортиқ маҳалланинг 5 мингга яқинида чегараларга аниқлик киритилди. 1 миллиондан ортиқ ер участкалари хатловдан ўтказилди. “Эътироф” тизимига 430 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти муҳокамага киритилди. Бугунги кунга келиб, 36 мингдан ортиқ фуқарога нисбатан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар Халқ депутатлари вилоят кенгашлари қарорлари билан эътироф этилди. Шунингдек, 6 мингдан зиёд кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
— Хатловдан ўтмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
— Хатлов жараёнида фуқаронинг амалда фойдаланиб келаётган барча ер майдони ўлчанади, тизимга киритилади ва қонуннинг 16-моддасига мувофиқ муҳокамага қўйилади. Ушбу муҳокамада 18 дан ортиқ вазирлик ва идоралар иштирок этади. Ҳар бир идора ўз ваколати доирасида хулоса беради. Ижобий хулоса берилган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича қарор қабул қилинади.
Агар ер участкаси ёки уй-жой хатловдан ўтказилмаса, унга нисбатан ҳуқуқ эътироф этилмайди. Бу эса мулкни сотиш, ҳадя қилиш, мерос қолдириш, бўлиш, шунингдек, доимий рўйхатга қўйиш каби ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларда жиддий чекловларга сабаб бўлади.
— Ижара ҳуқуқи билан расмийлашган ерни кейинчалик мулк қилиб олиш мумкинми?
— Албатта. Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, ижара ҳуқуқи асосида эътироф этилган ер участкасини белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи сифатида расмийлаштириш мумкин. Бу жараён Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламент асосида амалга оширилади.
— Ҳужжатлари йўқ уй учун жарима ёки бузиш хавфи борми?
— Қонуннинг 28-моддасига кўра, агар ушбу қонун доирасида ҳуқуқлар эътироф этилмаса, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари қайтарилиши ёки улардаги қонун бузилишлари белгиланган тартибда бартараф этилиши мумкин.
— Хатлов ва ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнлари қанча вақтни олади?
— Хатлов ишлари маҳаллалар кесимида тасдиқланган режа-график асосида ўтказилади. Объектлар тегишли идоралар томонидан 2 ой давомида кўриб чиқилади, жамоатчилик муҳокамаси 1 ой давом этади, адлия органлари эса 2 ой ичида ҳуқуқий хулоса беради. Якуний қарор маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинади.
– Ҳозиргача қанча объект хатловдан ўтказилди, қанча маҳалла чегараларига аниқлик киритилган, нечта объект «Эътироф» тизимига киритилган?
— Ҳозирга қадар 1,1 миллиондан ортиқ объект хатловдан ўтказилди, 811 мингтасининг электрон маълумотлари шакллантирилди, 448 минг объект жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Шу кунгача 41 500 та объектга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилди, 13 мингдан ортиқ ҳолат рад этилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА