Халқаро талаблар асосида соғлиқни Сақлаш кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда

20

БМТ Ўзбекистоннинг энг муҳим халқаро ҳамкорларидан биридир. Ушбу ташкилотнинг бир қатор таркибий тузилмалари, хусусан, Тараққиёт дастури кўмаги билан кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, соғлиқни сақлаш йўналишида изчил алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳаси биргаликда ишлаб чиқиляпти.

ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, вазир  А.Худоёров ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили А.Фудзии учрашувида айни шу масала атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, охирги йилларда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида катта ўзгариш ва янгиликлар рўй бермоқда. Жумладан, аҳоли саломатлигини таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ишларига қаратилган ҳуқуқий асосларни ягона тизимга бирлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётир.

Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳаси бир неча ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилмоқда. Муҳими, ўтган даврда бу бўйича бир мунча ишлар бажарилди. Ҳозирги пайтда соҳага тааллуқли қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш давом эттириляпти. Бу эса пировардида турли қонунлардаги меъёрларни ягона ҳужжатда жамлаш ва эскирганларидан воз кечиш имконини беради.

Кодекс лойиҳасига халқаро қонунчилик талабларига мос келадиган бир қатор меъёрлар ҳам киритилмоқда.

Йиғилишда жараённи янада тезлаштириш мақсадида масъул ишчи гуруҳ ташкил этилгани маълум қилинди ҳамда бу тузилма томонидан амалга ошириладиган вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилди.

Якунда томонлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлиги самараси ўлароқ, мазкур кодекс лойиҳаси халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқилишига ишонч билдирди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА